Бева ва етимларга ёрдам қилишнинг фазли
Уйга шағам харид қилиш мақсадида дўконларни айланиб, хўжалик моллари билан савдо қиладиган янги дўконга кирдим. Дўконни айланиб, томоша қила бошладим. Сотувчи аёл менга мурожаат қилиб, бобо, сиз Қуръон ўқийсизми? деди. Мен дарҳол тушундим, у тиловат ва дуо қилиб қўйинг, демоқчи. Аллоҳ қодир қилгунича ўқийман, дедим ҳамда четроқда турган курсига ўтириб, Қуръон карим оятларидан тиловат қилиб сўнг ортидан дуо қилдим.
Дўконда харидор йўқ эди. Сотувчи жувон ўзининг ахволини айтиб берди. Тошкентда яшовчи бир кишига иккинчи хотин бўлиб эрга теккан экан. Улар биргаликда олти йил яшабдилар ва кундоши можаро қилиб уни ҳайдабди. Ҳозирда у битта қизчаси билан онасиникида яшаркан. Ўша ҳовлида аёлнинг укаси ҳам оиласи билан истиқомат қилишини айтди. Яшаш тарзимиз ўртача аҳволда, қизим билан қийналаяпман. Таъминотни қилолмаяпман, деб беғараз, соддадиллик билан бу гапларни айтиб берарди. Баъзи дугоналарим менга жирканч ишларни таклиф қилиб, осон пул топиш йўлларини ўргатаяпти, лекин мен Аллохдан қўрқаман, дея уларни рад қилдим, деди.
Мен удан бирор-бир турмушидан ажраган эркакга тегасизми, қизим? Дегандим, ноиложликдан рози бўлардим, деди. Қишлоғимизда бева эркаклар кўп. Ҳаммаси тинч, ўзига тўқ, болаларидан тинган. Баъзилари ҳовлида ёлғиз қолишган. Бир бошидан ўша кишиларга шароитни тушунтирдим. Ҳаммаси эҳ аттанг, боласи бор эканда, бўлмаса уйланардим, ўзи хотин ахтариб юрибман, деб жавоб беришди.
Мен бу воқеа билан нима демоқчиман. Аввалларри ота-боболаримиз биринчи турмушлари ўтганнидан сўнг қайта уйланмоқчи бўлсалар, болали беваларга оғиз солар эдилар, савоб бўлади, деб. Ҳаттоки, рўзғорлари тўкис ҳам эмасди. Қарамоғларида ўзининг бир нечта болалари бўлар эди. Ҳозирга келиб уйланмоқчи бўлган қўштирноқ ичидаги бева эркаклар аёлни суриштиради, ахтарадики, биринчи турмушидан боласи бўлмасин, туғмаган бўлсин, мерос талаб қилмасин, уй олиб бер, демасин. Шунинг учун ҳам атайдан бир ўзлари яшаб ўтаяптилар.
Аллоҳга шукрлар бўлсинким, давлатимиз одамларга шароитини яхши қилиб қўйибди. Бева қолган аёллар ҳам айниқса болалари бўлса хам уларга кенг енгилликлар яратиб қўйибди. Аксарият бева аёлларга совчи бўлиб борсанг, йўқ дейишади, нима қиламан ўзимга хўжайин пайдо қилиб дейди. Ҳозир ўзимга ўзим хон, кўланкам майдон, дейишадиганлари ҳам кўп. Уларнинг бу тушунчалари албатта номақул. Лекин бир жиҳатдан эркакларимиз қандай бўлса, аёлларимиз ҳам шундай. Қани мард, етимни бошини силайдиган, уларни бемаъни, ёмон йўлларга киришидан асрайдиган эркакларимиз. Масжидимиз имом-хатиблари ўз маърузаларида бева аёл ва унинг фарзандига яхшилик қилишнинг савоби ҳақида Пайғамбаримизнинг бир ҳадисларини айтган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тул хотин ва мискиннинг ташвиши ила ҳаркат қилган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчи мужоҳидлар, кечалари намода қоим, кундузлари рўзада соим бўлувчи кабидир», деган эканлар. Аллоҳ тало барчага офият, оилавий хотиржамлик ато қилсин.
Ахмедов Ислом бобо Каттақўрғон тумани “ҚАЛНДАРХОНА” жоме масжиди ходими
Киритилган вақти: 15/04/2020 12:29; Кўрилганлиги: 1544
Чоп этилган вақт: 26/03/2025 16:54