БАХТИЁР ОИЛА МУСТАҲКАМ ЖАМИЯТ АСОСИ
Инсоннинг эркак ва аёл қилиб яратилишидаги ҳикмат
Дунёдаги жамики мавжудот борки, Аллоҳ таоло уларнинг барчасини жуфт қилиб яратган. Инсоният олами, ҳайвонот олами, наботот оламидан тортиб бошқа барча жонли ва жонсиз нарсаларнинг ҳар бири жуфт қилиб яратилгани бугунги кунда илмий исботини топган ҳақиқатдир.
Қуръони каримда “Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик” («Зарият» сураси, 49-оят), ояти билан барча нарсаларнинг жуфти борлиги таъкидланган.
Аллоҳ таоло инсонга шундай ҳис туйғуларни, моддий-маънавий истакларни берганки, уларни на ота-онасидан ва на бирор яқинидан ололмайди. Киши бу туйғуларини қондириш учун фақат ўз жинсидан бўлган жуфтга эҳтиёж сезади. Буюк ҳикмат соҳиби Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандасининг бу эҳтиёжини ўзиданда яхшироқ билгани сабабидан унга жуфтини яратиб, ҳаётининг тотли ва мазмунли ўтишини таъминлаб берди.
“Рум” сурасининг 21-оятида шундай баён қилинади: “Унинг оятларидан (яна бири) сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
“Бақара” сурасида қуйидагича марҳамат қилинади: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (187-оят). Дарҳақиқат эр-хотинлар бир-бирларига шу қадар муҳтождирки, киши кийимсиз юраолмаганидек, эрнинг бахти хотин билан, хотиннинг бахти эр билан тўкис бўлади.
Инсонларнинг эркак ва аёл қилиб яратилишининг энг буюк ҳикматларидан бири наслнинг давом этишидир. “Наҳл” сурасининг 72-оятида: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди”, дея марҳамат қилинган.
Дунёда ҳаётнинг изчил давом этиши, тинч-тотув оилалар, соғлом фарзандлар вужудга келиши учун Аллоҳ таоло алоҳида тадбирлар қилмади, балки, дастлаб инсонни ўз жинсидан бўлган жуфтга интилувчан қилиб қўйди, сўнгра бу жуфтлик ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилди. Ушбу иноқлик ва меҳрибонлик сабаб бошқа-бошқа муҳитларда тарбия топган кишилар эру-хотин бўлиб осуда ҳаёт кечирадилар. Уларнинг қалбига жойланган фарзандга бўлган меҳр-шафқат эса, қанчалик машаққатли ва қийин бўлмасин, бола дунёга келтириб, уни тарбиялашга, доимо уни ҳимоялаб, баркамол қилиб вояга етказишга боис бўлди.
Шу биргина жуфтликнинг яратилиши, дунё яратилгандан бери ундаги ҳаётнинг давом этишига сабаб бўлди ва бўлмоқда.
Жаннатда ҳам давом этадиган ришта
Одамзотга никоҳ ва имондан бошқа жаннатгача давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жанатда ҳам давом этади.
Оила жамиятнинг биринчи босқичидаги негизи ҳамда диний, ижтимоий, ахлоқий таълим тарбия даргоҳи бўлганидан муқаддас деб эътироф этилади.
Ҳаётда оиланинг бардавомлиги биринчи навбатда эр-хотиннинг ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч-тотувликни этишлари билан таъминланади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Улар (хотинлар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).
Оила – катта жамиятнинг кичик бир бўлаги. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан ҳоли, тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамият – оиланинг тинч-тотувлиги, аҳиллигига, покиза турмуш кечиришига боғлиқ. Оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиб бажариши билан оила тинчлик-хотиржамлиги ва бахт-саодати таъминланади, барқарор ва мустаҳкам бўлади.
Эркак оила қўрғони
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эркаклар Аллоҳбаъзиларини баъзиларидан фазлли қилгани ва ўз молларидан инфоқ қилганлари учун аёлларга қаввом(бошлиқ)дирлар”, деган.
Ушбу ояти карима ҳукми ила исломда эркак киши оила бошлиғи этиб тайинланган. Бу бошлиқлик масъулиятдан иборатдир. Бошлиқ деганда оилада ўзи хоҳлаган нарсани қилиб, ҳаммани ўз хоҳишига бўйсундириш ҳақига эга бўлиши дегани эмас. Балки оиланинг масъулиятини шариат кўрсатган амрлар бўйича олиб боришни зиммасига олишдир.
Ояти каримада эркак кишига икки сабаб туфайли оила бошлиқлиги масъулияти юклатилганлиги баён қилинмоқда.
Биринчиси “Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан фазлли қилгани учун”. Эркак кишининг яратилишининг ўзи оила бошлиқлиги оғирлигини кўтаришга мослангандир. Жисмонан эркак аёлдан кўра бақувват бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Оилага бошлиқ бўлган шахс оилани ҳамма томонлама таъминлаши, хавфу хатардан ҳимоялаши ва бошқа томонлардан ҳам масъулиятларни ўз зиммасига олиши лозим.
Иккинчиси (Эркаклар) “ўз молларидан инфоқ қилганлари учун аёлларга қоввом (бошлиқдир)лар”.
Оила қуриш ва уни бошқариш учун зарур барча молиявий харажатлар ислом шариати томонидан эркак зиммасига юклатилган. Бу қоидага оиладан бошқа жойларда ҳам ҳамма халқлар амал қиладилар. Каттадир кичикдир ҳар бир жамият, муассаса, ишхона ва тузумларга ҳам молявий таъминотни ўз зиммасига олган томон раҳбарлик қилади.
Шундай экан, ҳар бир эркак аёлига ғамхўрлик кўрсатиши, муомала маданиятига аҳамият бериши, берилган буюк марҳаматни эъзозлаши керак. Аёлига уй ишларида ёрдам бериб, оғирини енгил қилиши аёлнинг кўнглини кўтаради, ўртадаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган ҳадиси
шарифда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир”, дейилади.
Эр аёлининг ва оиласидагиларнинг одоб-ахлоқига масъулдир. Яхши ахлоқ тарбиянинг ҳосили, инсон тарбияга муҳтож. Чунки инсон туғилишидан ақилли бўлиши мумкин, лекин тарбияли бўла олмайди. Шу сабабдан мураббий ёки устоздан тарбия олишга муҳтож. Шундан келиб чиқиб, оила аъзоларининг ахлоқий тарбиясида оила раҳбари – ота зиммасига катта масулият тушади.
Ҳадиси шарифда: “Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз қўл остидагиларингизга масъулдирсиз”, дейилган.
Эркак аёлига эътиборли бўлиши, унинг шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиш керак.
Аёл оила тартиботчиси
Оилада эркаклар зиммасига масъулиятлар юклагани каби аёлларга ҳам бир неча вазифалар юкланади. Аёлнинг бурчларидан келин бўлиб келган кунидан бошлаб ўзининг кичик оиласи – эри ва яна катта оила – эрнинг ота-онаси ҳамда яқинлари билан иноқ муносабат ўрнатишидир.
Аёл эрига итоатни энг муҳим вазифаларидан бири деб билиши лозим. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим”, деганлар.
Аёл доимо гўзал муомалада бўлиши, оиладаги тартиб-интизомга риоя қилиш, қайнонага ҳурмат ва муҳаббатда бўлиш, унинг баъзи сўз ва талабчанлигига тоқатли, иродали бўлиш, гапларини тўғри қабул қилиши лозим. Аёллар қайнота-қайнонани ҳурмат қилишлари, уларга моддий-маънавий эътибор қилишдан чарчамасликлари даркор. Уларни хурсанд қилишлари эрнинг ўзларига бўлган муҳаббатини оширишини унитмасликлари керак бўлади.
Аёл муаммо ва тасодифлар сабабидан оила аъзолари ҳақида эрга ёмон гап айтмаслик келинни бошқалар кўзига ёмон кўринишидан сақлайди.
Эрнинг жаҳлини чиқариш ва жаҳли чиққан пайтда унга қарши туриш, бақир-чақир боис унинг кўнгли совуйди, оила биноси емирилиб бораверади. Эрнинг кайфияти бузулган пайтда оқила аёллар мулойимлик билан унинг ғазабини сўндиришга, бунинг имкони бўлмаса, сабр-тоқат қилиб вазиятни юмшатишга интиладилар, эрга йўлдош, сирдош бўлишга ҳаракат қиладилар. Аччиғланган эрнинг сўзларидан ранжимасдан, тўғри қабул қиладилар.
Аёл – саронжом-сариштали, тадбиркор, ишбилармон бўлган оиланинг аъзолари роҳат-фароғат топади, ҳузур кўради. Бундай хотинлар пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа аёл бўлиб, унга қараса хурсанд қилади ва Аллоҳ амрини бажаришда ёрдам беради”, деб мақтаган аёллар қаторига киради.
Оиланинг моддий барқарорлигини таъминлаш учун доимий ҳаракатда, меҳнатда бўлган эрни уйда ҳам мунтазам нотинчлик, муаммолар кутиб турса, у асабий, тажанг бўлиб қолади, соғлигини йўқотади.
Эрга итоат этиш ва унинг истагига кўра яшаш хотин ҳурматини, қадр-қимматини камайтирмайди. Балки, у ўзининг вафоли, кўркам хулқли экани ҳамда ўзидан ақлли бўлган кимсанинг мартабасини англаганини исбот этади. Бу ишлар ҳам эрининг, ҳам бошқаларнинг муҳаббатини, ишончини қозонишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси шарифда: “Қайси хотин беш вақт намоз ўқиса, бир ой рўза тутса, эрига итоат қилса, ҳаромга юрмаса, жаннат эшиклари унга очиқдир”, деганлар.
Киритилган вақти: 07/02/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2604
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 12:17