Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи (3-мақола)

 
 

Мотуридийлик таълимотининг йирик намояндаси бўлмиш Абул-Муъин Насафий ҳам имон масаласига худди шу каби услубда ёндашган. Яъни у “иймон” сўзининг маъноси араб тилида “тасдиқлаш” эканини зикр этиб, сўнг унинг маъносига амални киритганларга қарата шундай дейди: “Агар ҳар бир сўзни луғавий маъносидан бошқа маънога нақл этилаверса, унда Қуръон ва суннада кўп сўзларни бошқа маъноларга нақл этиш мумкин бўлиб, маънолар бузилиб кетарди”. Шунингдек, аллома “Баҳрул-калом” номли асарида амалнинг имон шартига кирмаслигига қуйидаги “Иброҳим” сураси 31-оятини далил сифатида келтиради:

Иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни адо этсинлар”, яъни оятга кўра Алло таоло бандаларга иймон номини ўрнатгандан сўнг амал қилишни амр этмоқда.

 Иймон зиёда ва ноқис бўлиши мумкинлиги ҳанафийлик-мотуридийлик таълимотида ўрнатилмаган, балки ҳар бир кишининг иймони комил иймон саналиши, тоат ва ибодат ёки гуноҳ маъсият билан иймоннинг айнан ўзи кўпаймаслиги ва камаймаслиги далиллар билан исботланган.

Жумладан, имом Мотуридий бу ҳақда шундай дейди:

“Қуръони карим оятидаги “Иймонлари зиёда бўлди...” жумласи адад ёки айнан иймоннинг ўзида зиёдаликни билдирмайди, балки унинг шарафи, фазилати ошгани, зиёда бўлганини билдиради. Масалан “Жамоат билан ўқилган намознинг даражаси ёлғиз ўқилган намоздан йигирма беш баробар афзалдур” ҳадисида ҳам айнан намознинг адади зиёда бўлиши назарда тутилмаган, балки шарафи ва фазилати зиёдалиги назарда тутилгандир. Худди шу каби иймоннинг амаллар жиҳатидан зиёда бўлиши ҳам унинг шарафи, фазилати, камоли зиёдалашишига далолат қилади. Амаллар иймон жинсидан эмасдир, у тасдиқлашдан иборатдир”.

Бошқа ўринда эса, Абу Ҳанифанинг “умумий тарзда иймон келтирганларидан сўнг тафсирий тарзда зиёда бўлади”, сўзини ҳамда “аҳли китобларнинг илгари ўтган китобларга ва пайғамбарларга иймонлари билан бирга, Муҳаммад алайҳиссаломга ва у кишига нозил бўлган Китобга иймон келтиришлари билан иймонлари зиёда бўлади”, яъни бунда аҳли китобларга тегишли бўлади, шунингдек, “уларнинг (саҳобийларнинг) иймонлари янги вақт кирганида ундан олдинги вақтдан кўра зиёда бўлади... чунки, иймон доимо янгиланиб туришга ҳақлидир”, деб шарҳ берган. Шунингдек, Мотуридий иймон зиёдалигини саботли бўлиши, ёки саботи зиёда бўлиши сифатида шарҳ берган.

(давоми бор...)

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 17/02/2020 15:52;   Кўрилганлиги: 1731
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/aqidah/moturidiylik-talimotida-iymon-masalasi-3-maqola
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг