Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА БУЗУҚ АҚИДАНИ ТАРҚАТУВЧИ, АҲЛИ СУННА НОМИДАН ЁЛҒОН ГАПИРИБ ТУҲМАТ ҚИЛУВЧИ СОХТА ШАЙХ ВА БУЗУҚ ДАЪВАТЧИЛАРГА РАДДИЯ

 
 

Агар тарихга назар ташласак, саодат асрида ва унга яқин даврларда Аллоҳ таолони барча айбу-нуқсонлардан поклаб ёд этилганига, У зотнинг сифатлари истеъмол қилинганидан ортиқ баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо, кейинчалик пайдо бўлган карромия ва мушаббиҳа каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли бузуқ даъволарни кўтариб чиқишган. Уларнинг бузуқ даъволаридан бири Аллоҳ таолога макон нисбатини бериш бўлган.

Шундан кейингина Аллоҳ таолонинг маконлардан пок экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Мазкур фирқаларнинг даъволарига аҳли сунна вал жамоа уламолари Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар. Ушбу масала бўйича Аҳли сунна ва адашган фирқалар орасидаги  фарқлар қуйидагича бўлган:

Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: Аллоҳ таоло махсус маконда яъни Аршда, дейишган.

Нажжория фирқаси: Аллоҳ таоло барча маконда, дейишган.

Муътазилийлар: Аллоҳ таоло барча маконда, лекин зоти эмас, балки илми барча маконда, дейишган.

Аҳли сунна вал жамоа: Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан пок, дейишган.

Аҳли сунна жумҳурининг далиллари:

Аллоҳ таоло “Шуро” сурасида шундай хабар берган “У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир”11-оят.

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига, ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан пок эканига ёрқин далилдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, бошқа жисмларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг берган хабарига зиддир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай хабар берган “Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қайюмдир” 255-оят.

Аллоҳ таоло Ўзининг қаййумлигини, яъни  барча махлуқотларни тутиб турувчи эканини айтган. Бу эса У зотнинг борлиги ўз-ўзидан эканига, бошқа барча нарсаларнинг бор бўлиши У зотга боғлиқ эканига далолат қилади. Шунга кўра агар Аллоҳ таолони бирор тарафда дейилса, Унинг борлигини ўша тарафга боғлиқ қилиш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг қайюум сифатига зид нарсани исбот қилишдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор томонда бўлишдан пок, томонларни ҳам, маконларни ҳам тутиб турувчидир, деб эътиқод қилиш лозим.

Аллоҳ таоло “Ҳашр”сурасида шундай хабар берган: “У – Аллоҳ – Холиқ, Бориъ, Мусоввирдур” 1-оят.

Аллоҳ таоло Ўзининг Мусоввир эканини яъни барча нарсаларга суврат берувчи эканини баён қилган. Агар Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, Ўзи ҳам тасвирланган бўлиб қолади. Бунда Ўзини Ўзи тасвирлаган ё бошқа Уни тасвирлагани юзага келади. Ҳар иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг шаънига лойиқ эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо ўқишни таълим берганлар. “Сен Зоҳирсан, Сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, Сен Ботинсан, Сендан пастда ҳеч нарса йўқ”. Муслим ривояти. Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий (458-ҳижрий санада вафот этган) роҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деганлар: “Баъзи асҳобларимиз Аллоҳ таолодан маконни нафий қилишга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сен Зоҳирсан, Сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, Сен Ботинсан, Сендан пастда ҳеч нарса йўқ” сўзларини далил қилишган. Чунки, юқорисида бирор нарса бўлмаса, пастида бирор нарса бўлмаса, бирор маконда бўлмаган бўлади.

Энди Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан  ҳозирги асримизгача яшаб ўтган мўътабар уламоларимизнинг ушбу масала ҳақидаги сўзларига эътибор берайлик:

Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлишдан пок экани тўғрисидаги аҳли сунна уламоларининг сўзлари:

  1. Хулафои рошидинларнинг бири, улуғ саҳоба Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир”. Абу Мансур Бағдодий “Ал-фарқу байнал фирақ” китобида келтирган.
  2. Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидийн Али ибн Ҳусайн роҳматуллоҳи алайҳ (94-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар: “Сен –  бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан”. “Соҳийфатус сажжадия) китобида келтирган.
  3. Имом Жаъфар Содиқ роҳматуллоҳи алайҳ (148-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар: “Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади”. Қушайрий “Рисалатул Қушайрия”да келтирган.
  4. Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ (321-ҳижрий санада вафот этганлар) “Ақида” номли рисолаларида шундай ёзганлар: “У зотни олти тараф бошқа махлуқотларни (ўз ичига олгани)сингари ўз ичига ололмайди”.
  5. Аҳли сунна вал жамоа имоми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ (333-ҳижрий санада вафот этганлар) “Тавҳид” номли китобларида “Аллоҳ таолони макон билан васф қилиш жоиз эмаслиги” номли бобда шундай ёзганлар: “Зеро, У зот бўлгани, ва бирор маконнинг бўлмагани собитдир… Албатта (У зотга нисбатан) маконни айтиш улуғлаш ва мақташ навидан эмас”.
  6. Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ (505-ҳижрий санада вафот этганлар) “Қоваъиул ақоид” номли асарларида шундай ёзганлар: “Миқдорлар Уни чегаралай олмайди, чегаралар Уни ўз ичига ололмайди, тарафлар Уни иҳота қила олмайди, ерлар ҳам, осмонлар ҳам Уни қамраб ололмайди”.
  7. Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қосталоний роҳматуллоҳи алайҳ (923-ҳижрий санада вафот этганлар.) “Иршадус сорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” номли китобларида шундай ёзганлар: “Аллоҳ таолонинг зоти барча макондан ва барча тарафдан покдир”.
  8. Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий роҳматуллоҳи алайҳ (1404-ҳижрий санада вафот этганлар.) “Ал-айатул муҳкамат” номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар: “Суннат уламолари Аллоҳ таолонинг барча нарсадан беҳожат эканига, барча нарсанинг Унга муҳтож эканига, Ўз-Ўзидан қоим эканига, бирор ўринга ҳам, бирор хословчига ҳам муҳтож эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бас У зот замонлару маконларни яратгандир, Ўзи олдин қандай бўлса ўшандайдир”.

Демак, ушбу маълумотлардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз:

Аллоҳ таоло азалийдир. У бирор нарсага ўхшамайди, Унга ҳам бирор нарса ўхшамайди. У бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. Замонлару маконлар йўқ пайтда У Зот қандай бўлса ҳозир ҳам ўшандайдир” деймиз.

Роббимизга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар бўлсин!



Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, "Дамариқ" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 27/02/2021 19:24;   Кўрилганлиги: 1596
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/aqidah/ijtimoiy-tarmoqlarda-buzuq-aqidani-tarqatuvchi-ahli-sunna-nomidan-yolgon-gapirib-tuhmat-qiluvchi-soxta-shayx-va-buzuq-davatchilarga-raddiya
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 15:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг