Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАЙТИНИ УЛУҒЛАНГ, ПАСТ САНАМАНГ!

 
 

Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, масжидларни обод қилишга ҳам буюрган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган.

Қолаверса, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради.

إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ ۖ فَعَسَىٰ أُولَٰئِكَ أَن يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ

Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар (Тавба сураси 18-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз байти бўлмиш масжидларни обод қиладиган кишиларнинг сифатларини баён этди. Энди биз обод қилиш қай кўринишда бўлишини англаб олишлигимиз зарур бўлади. Уламолар ушбу оят тафсирида “Обод қилиш” икки хил йўл: моддий обод қилиш ва маънавий обод қилиш билан бўлади, дейишган. Моддий обод қилишни ҳаммамиз биламиз: масжидни бузилган жойларини қайта тиклаш, камчиликлари бўлса тўлдириш, тозалигига эътибор бериш ва ҳаказо. Бу айнан масжид идораси билан банд бўлган кишилар зиммасидагина эмас, барча мусулмонларнинг зиммасидаги бурч. Буни барча тушиниб етмоқлиги лозим. Шундан сўнг, масжид борасида айтаётган гапимизга эътиборли бўлишимиз талаб қилинади. Агар масжидда бирор камчилик кўрадиган бўлсак, дарҳол шоша-пиша оламга “Айюҳан-нос” солгунча, ўзи нима бўлганини суриштириш лозим бўлади. Шу масалани ҳал қилишда қийинчилик устида турилган бўлса, қўлидан келса ўзи ушбу камчиликни тўлдириб қўйишлик, агар қўлидан келмаса бирор кишига маслаҳат солиб бу ишни ҳал қилишлик унинг савобини кўпайишига сабаб бўлади. Аксинча, хато-камчилик топиш илинжида, масжидни обрўсизлантириш учун хато излайдиган кишилар жуда катта гуноҳкор бўлиб қолишликлари ажабмас! 

Маънавий обод қилиш – Аллоҳнинг байтини доим зиёрат қилиб, унда намозларини адо қилиш билан бўлади. Шунингдек, масжид ёки унинг имом хатиби ҳақида омма орасида айланиб юрган бўларбўлмас гаплар бўлса, ундан қайтаришлик ҳам обод қилиш йўлларидан биридир. Шу ўринда бугунги кунда имом хатибларимизни оммавий ахборот воситаларида хатоларини излаб-қидириб, топиб, бўрттириб ёритаётганлари жуда ачинарли ҳолат. Тўғри, инсон хатодан ҳоли эмас. Аммо, бу дегани у энди одамларни тўғри йўлга бошлай олмайди дегани эмас! Албатта, бошлай олади. Ахир у шариатни ўрганган, ўргата олади. Сиз топаётган имомнинг хатосини кимдан ўтгангансиз? Имомдан, албатта! Уламоларимиз айтишганидек, “Уламоларнинг гўшти заҳарлидир”. Улар борасида ғийбат ва бўҳтон тарқатишдан тийилайлик. Хатоси бўлса, ўзига айтинг, агар таъсир қилмаса ундан катталарга мурожаат қилинг. Аммо, бутун оламга жар солиб, бир биродарингизни шарманда қилиш илинжида бўлманг! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Росули билгувчироқ” дейишди. У зот: “Ўз биродарини (эшитса) ранжийдиган сўз билан зикр қилиш” дедилар. Шундан саҳобалардан бири: “Ё Аллоҳнинг Росули, агар биз айтган гап (ҳақиатдан ҳам) ўша кишида бўлсачи?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз айтган гап (ҳақиқатдан ҳам) унда топиладиган бўлса уни ғийбат қилган бўласиз. Агар унда топилмайдиган бўлса бўҳтон қилган бўласиз” дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).

Уламоларимиз бир сўз билан ғийбат ва бўҳтонни гуноҳи кабира эканлигини айтишган. Масжидларда Аллоҳни зикр қилишдан тўсадиган, масжидларнинг бузилишига сабаб бўладиган кимсаларни У Зот дунёда хорлик, охиратда улкан азоб билан қўрқитди, таҳдид қилди. У зот Қуръон каримда шундай деган:

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَاجِدَ اللَّهِ أَن يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَىٰ فِي خَرَابِهَا ۚ أُولَٰئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَن يَدْخُلُوهَا إِلَّا خَائِفِينَ ۚ لَهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ

 Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир” (Бақара сураси, 114-оят).

    Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига
эриштирадиган йўл деб эълон қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади” (Термизий ривояти).

Мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилишга уринар ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади.

Бироқ, “Пахтакор овози” махсус мухбири томонидан Нарпай туманидаги мавжуд бўлган 14 та жомеъ масжидни турли хил ҳақоратли сўзлар билан  бутун оммага жар солиши, фаолият юритаётган имом хатибларга ёрдам қўлини чўзмасдан обрўсизлантириши айни фосиқлик белгиси экани мақолани ўқиган ҳар бир ўқувчининг ақл-у тафаккурига келади. Ваҳоланки, мўминлар наздидаги энг улуғ иш – бир-бирларини айбини яширувчи эканликларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёли ва беркитувчидир. Ҳаёни ва беркитишни яхши кўради” (Имом Аҳмад ривояти). “Пахтакор овози” махсус мухбири Мақсуд Мирзаевнинг ёзган мақоласи ҳаёсизлик аломатидир.

Мақолани ўқиган иймонли ўқувчида унга нисбатан нафрат ва ғазаб уйғонади. Ваҳоланки, юртимиз раҳбари юртимиздаги масжидларни ободончилигига ҳар-бир мусулмонни, масжид ходимларидан тортиб барча халқни тарғиб қилиб турган пайтда нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш ўрнига ўз айбини ҳаммага ошкор қилиши шармандали ҳолатдир.

    Аллоҳ таоло барчаларимизни масжидларни ҳам моддий, ҳам маънавий обод қилиб, икки дунё саодатига эриштиришлигини ва Жаннатда ўзимиз учун бир байт қуришлигимизни насиб айласин!

     

Хайруллоҳ Саттаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 17/08/2019 16:40;   Кўрилганлиги: 1194
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/alloh-taoloning-baytini-uluglang-past-sanamang
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг