Албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!
Инсон мавжудодлар ичида энг улуғидир. Аллоҳ таоло инсонга хисобсиз нозу-неъматлар бериб қўйган. Наҳл сурасининг 18 оятида: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар” дейилган. Ҳақиқатдан ҳам фаҳму фаросатимиз, ақлу идрокимиз билан ўйлаб қарасак бизга берилган неъматлар хисобсиз эканлигига ҳар биримиз шубҳа қилмаймиз. Албатта бу неъматларни тежаб ишлатишга буюрилганмиз. Аъроф сурасининг 31 оятида “.....шунингдек, енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У исроф қилгувчиларни севмайди” дейилган. Яшашдан мақсадимиз Яратганнинг розилини топиш. Ибодатларимизда, дуоларимизда хайрли ишлар қилиб эҳсонлар қилганимизда, “Ўзинг рози бўлгин, тўғри йўлдан адаштирмагин, савобини бергин, дўзахдан сақлаб жаннатга киргизгин” деб ёлворамиз.
Ҳар бир киши ўзи қилаётган ишини тўғри деб билади. Савоб қилаяпман, яхшилик қилаяпман деб исроф майдонида сайр этаётганлигини англамай қолади. Унга эй ошна бу ишингиз кибру-риёга, манманликка яқин бўлиб қолаяпди десангиз, “Олдин ўзингга боқ, оға-инингларни бу йўлдан қайтар”деб ақл ўргатишга ўтади.
2002 йил, 28 декабрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан, тўй маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақидаги фатвонинг 8-9 бобларида “Имом хатиблар ушбу фатвони қандай бажараётганликлари тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мунтазам равишда ахборот бериб турилсин. Шаръий маросимларни фақат жойлардаги расмий имом-хатиблар ўтказсинлар. Диний идора фатволарини ҳаётга тадбиқ этишда совуққонлик қилган ва бу масъулиятли вазифага лоқайдлик билан қараган имом-хатибларга тегишли чоралар кўрилиши назарда тутилсин” дейилган. Шундай экан биз имом хатиблар маҳалла билан биргаликда ҳалқ орасида иш фаолият олиб боришимиз керак. Ёшларимизга исрофнинг зарарлари ҳақида илмий асослар билан гапириб ҳой-ҳавас деб ота-оналарини қийнаб қўймаслигини ўқтиришимиз керак.
Аллоҳ таола ал-Исро сурасининг 26-27 оятларида “Қариндошга, мискин ва йўловчига, (хайр эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди” дейилган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) кўплаб ҳадиси муборакларида мол-мулкни бекорга зое қилмасликка тарғиб ва ташвиқ қилганлар.
Меҳнат эвазига ишлаб топилган мол-дунёни беҳуда сарфлаш ҳам уни нест-нобуд қилиш ҳисобланади. Имом Журжоний мол-мулкни керакли ўринларда нафақа қилишда чегарадан чиқишни исроф, деб таърифлаган. Бунда бой ҳам, камбағал ҳам исрофга йўл қўйиши мумкин. Бу ҳақда Имом Суфён Саврий бундай дейди: “Аллоҳ тоатидан чиқиб қилинган озгина нафақанг исрофдир”. Шу каби Абдуллоҳ ибн Аббос шундай марҳамат қилган: “Ўринсиз жойга қилинган бир дирҳам нафақа исрофдир”.
Аллоҳ таоло емакда, киймакда, яшашда ва нафақа қилишда ўртача йўлни тутганларни, бахилу исрофгар бўлмаганларни мадҳ этиб, бундай дейди:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
(سورة الفرقان /67)
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир ишда, мўътадиллик мезонига амал қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириб айтади:
وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا
(سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/29)
яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Ушбу ояти карима мазмунига мувофиқ иш тутиш орқали инсон ўз ҳаётида хотиржамликка эришади, маломат ва маҳрумлик балосидан, иншоаллоҳ омонда бўлади. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам емак, ичмак ва эҳсон қилмакда ҳам исрофдан йироқ бўлишимизга буюриб, бундай марҳамат қилганлар:
" كُلُوا وَاشْرَبُوا وَ تَصَدَّقُوا وَ الْبَسُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَ لاَ مَخِيلَةٍ "
(رواه أحمد و إبن ماجه)
яъни: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”
Бу оят ва ҳадисларнинг маъно мазмунларини мисоллар билан ҳалқимизга тушунтирсак катта-катта исрофгарчиликларнинг олдини олган бўламиз.
Инсон топган мол давлатини илм йўлига сарф қилиши керак. Аввало фарзандларнинг илм олишига, ундан ортса оға ини, тоға-жиян, қавм қариндошларнинг илм олишига ундан ортса маҳалладошларнинг илм олишига ишлатиш керак. Танишимиздан биронтаси илмий даражага етса у билан фахрланиб менинг қариндошим бўлади деймиз. Аммо ўша қариндошимиз ўқиш йўлида қийналиб юрганида қўлига тўрт беш сўм берганимизни эслай олмаймиз.
Бугунги кунда шартнома асосида илм олаёттган фарзандларимиз бор. Бойлигимизни шукронаси сифатида уларга хомийлик қилсак, етти маҳаллага тўй бериш деган сўзларнинг ўрнига еттита талабага хомийлик қилдим деган сўзларни ишлатсак Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари сафидан жой олсак ажаб эмас. Аллоҳ таоло Фурқон сурасининг 67 оятида Ўзи яхши кўрган бандаларини сифатлаб: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, ҳасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўътадилдир”-айтган.
Сўзимиз охирида хулоса қилиб айтамизки Аллоҳнинг розилигини топаман деган киши ҳеч қачон исрофгарчиликка йўл қўймайди. Бугунги расмий ишлаб турган ҳар бир имом хатибларимиз ўз ҳалқига исрофнинг ёмонлигини, гуноҳлигини айтиб тўғри маслаҳатлар бермоқда. Тўғри сўзга қулоқ тутмаслик ҳам исрофнинг бир тури эканлигини унутмайлик.
Киритилган вақти: 20/02/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3614
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 16:11