Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Зулм исломдан эмас

 
 

Динимиз илоҳий таълимот бўлиб, ғояси Яратган ва унинг пайғамбарига ишониш, итоат этиш, шу орқали икки дунё саодатига эришишдир. Шариат умрни хотиржам, осойишта, фаровон ўтказишга, дунёни обод қилиш, меҳр-шафқатли бўлишга чақиради.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 208-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришинг ва шайтоннинг изидан эргашманг. У сизларга аниқ душмандир”, дея хитоб қилгани бежиз эмас. Зеро, ақида нозик масала. Унда адашиш оғир гуноҳга сабаб бўлиб қолади.

Афсуски, замон ўтиши билан инсоният душмани саналган шайтон фирибларига алданиб, ношукурлик қиладиган, ботил йўлда адашиб қолган кимсалар ҳам учраб турибди. Дунё саҳнига эътибор қилсак, аксарият давлатларда уруш, фитна оловини ёқаётган тоифалар кўзга ташланади. Улар динни ниқоб қилиб, Исломнинг асл мазмуни,ақидасини бузиб кўрсатишга уринадилар. Аслида улар мутлақо диндан бехабар, гумроҳлар эканига исбот ҳам шу. Олайлик, инсон қонини тўкиш динимизда қаттиқ қораланади. Улар эса бундай қабиҳликни одат қилиб олишади. Дин номидан амалга оширишлари эса ачинарлидир.

Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш икки гуруҳ ҳақида ислом умматини огоҳлантирган эдилар. Бу ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топиб бормоқда.

Буни ҳар биримиз чуқур англамоғимиз, яқинларимиз, айниқса ёшларимизни бузғунчилар хуружидан ҳимоя қилишимиз зарур. Бу йўлда энг асосий қуролимиз динимизнинг соф ақидаси, илм-маърифат. Зеро, Ислом ҳеч қачон зулмга чақирмайди, қон тўкилишини оқламайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм қиёмат кунининг зулматларидир”, дедилар”. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда ҳам золимларнинг қиёмат кунга ҳолларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Бу дунёда золим бўлган одам у дунёда зулмоғларда қолиши турган гап экан. Бу эса катта бахтсизликдир. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

Нурбек Хидиров - Жомбой туман бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 21/12/2019 13:16;   Кўрилганлиги: 1239
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/zulm-islomdan-emas
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 14:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг