Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЗАВҚ-ШАВҚ ВА ШИЖОАТ – ИНСОНИЙ ХИСЛАТ

 
 

Инсон завқ-шавқ ила бир нарсани амалга оширдими, пухта ва сифатли чиқади. Қолаверса, шижоатли шахс Аллоҳ хохласа кўп нарсага эришади. Шунингдек, халқимизда “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик”,  деган ажойиб мақол бор. Аммо меҳнат қилиш учун ҳам кишида илм, ақл, фаҳму фаросат, завқ-шавқ, шижоат бўлиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 172-оятида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” деб марҳамат қилган.

Демак, меҳнатимиз завқ-шавқ, шижоат, ҳалоллик асосида бўлиши ва поклик мезонида ўлчанишлиги керак экан.

Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом эса темирчилик билан шуғулланган. Пайғамбарлар меҳнат билан шуғулланиб бизларга ўрнак бўлган экан, бизлар ҳам ўзимиз ёқтирган касбнинг устаси бўлиб, оиламизни ҳалол покиза ризқ билан боқишимиз керак. Бунинг учун шижоат, завқ-шавқ билан ишлашимиз керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”. Бу ҳадиси шариф ҳар биримизнинг дастурул амалимиз бўлиши зарур.

Шижоат, ҳалол меҳнат кишини улуғлайди ва жаннатга етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”.

Шундай экан, келажагимиз бўлмиш жондан азиз фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатиб, меҳнат қилганда ҳам завқ-шавқ, шижоат ила қилмоқликни, уларни ҳеч қачон ўзгаларнинг ҳақига кўз тикмайдиган, Ватани, халқи, дини учун жон фидо қиладиган руҳда тарбия қилмоғимиз лозим.

Ботирали РИЗАЕВ,

Самарқанд шаҳридаги Панжоб жомеъ масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 06/12/2021 11:14;   Кўрилганлиги: 455
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/zavq-shavq-va-shijoat-insoniy-xislat
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 22:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг