Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Закот кандай ибодат?

 
 

Бизларни махлуқотлар ичида мукаррам қилган ва Ўзининг ибодатида бардавом қилиб қўйган ҳамда молларимизни ҳалол йўл билан топишимизни таъкидлаган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин ҳамда биз умматларига ибодат ва солиҳ амалларни мерос қилиб қолдирган Ҳабибимиз, Шафоатгўйимиз Муҳаммад (с.а.в)га саловату саломлар бўлсин.

Закот ҳақида гапирар эканмиз, аввало “Закот” - сўзи луғатда “ПОКЛИК” ва “ЎСИШ” деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади, закоти берилган моли эса янада ўсади ҳамда моли ва оиласида барака бўлади.

Шаръий истилоҳда “Закот” - махсус молдан махсус жузни, махсус шахсга Аллохдинг розилиги учун шариат тайин қилганидек мулк қилиб беришдир.

Махсус мол нисобга етган мол демакдир. Махсус жуз закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдор ҳисобланади. Махсус шахс закот олишга хакли бўлган кишидир. “Аллоҳнинг розилиги учун” деган жумласи эса, ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. Шариат тайин қилган деганда, закот чиқариш миқдори, шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши назарда тутилган. Озгина садақа бериб шу закот деб ният қилиш эса тўғри бўлмайди. Мулк қилиб бериш деганда, берилаётган мол уни олувчисига мулк бўлмагунча закот ўрнига ўтмайди.

Куръони Каримда закот ва унинг фазилати ҳақида 30 мартадан зиёд ояти карималарда таъкидлаб ўтилган. Шундан йигирма еттитасида у намоз билан бирга зикр қилинган. Жумладан, Аллоҳ таоло Нур сурасининг 56 оятида Намозни тўкис адо этинглар, Закот беринглар, Расулга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилинсангиз” – деб, марҳамат қилади. Ушбу оятда намоздан кийин закот келиши “Закот”ни ўрни нақадар юксак эканлиги кўриниб турибди. Пайғамбаримиз с.а.в. муборак ҳадисларида “Молларингизни закот билан ўраб, ҳимояланглар” – дея биз умматларига таълим берган.

Исломда закот орқали мол тўплаб ва хазинани тўлдириш маъноси кўзда тутилмаган. Закотдан асосий мақсад инсонни молу-дунёдан устун қўйиш, яъни инсон мол-дунёнинг қули эмас балки, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир. Шунингдек, закот мулкдорнинг қалби покланишига, унинг маънавий ва руҳий томондан ўсиб боришига, энг муҳими унинг баракали бўлишига ҳамда турли бало-офатлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади. Бу ибодат бойларни бахиллик, манманлик балосидан поклаганидек, камбағалларни ҳам хасад ва кўролмаслик каби дардлардан поклайди. Зеро, бойдан закотни қабул қилиб олган, ундан гўзал муомала кўрган камбағал, унга ҳеч қачон хасад қилмайди. Аксинча, унинг ҳаққига дуолар қилиб, янада ибодатга яқин бўлади.

 

Муаллиф: Насрулло Исламов - “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом ноиби


Киритилган вақти: 21/04/2020 15:47;   Кўрилганлиги: 1522
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/zakot-kanday-ibodat
Чоп этилган вақт: 16/07/2025 09:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг