Ёт ғояларга алданмайлик!
Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилишга буюриб, гуноҳ ишлардан тийилишга, адоватдан йироқ бўлишга чақиради. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар, жумладан, ёшлар Интернет тармоғи орқали ислом ҳақидаги нотўғри, нохолис маълумотларни, террорчи гуруҳларнинг манфаатига мос хабарларни ёйишда воситачи бўлиб қолмоқдалар. Бу билан уларнинг гуноҳларида шерикка айланмоқдалар. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Маълумки, мамлакатимиз аҳолиси диний эътиқод масаласида ўта хассос бўлган ва пок эътиқодни муқаддас санаган. Бугун мана шу жиҳатни ёшлар онгига тўғри сингдириш долзарб вазифадир. Чунки соғлом эътиқод жамиятнинг тинчлиги ва равнақига хизмат қилади ҳамда инсонни икки дунё саодатига етиштиради.
Афсуски, соғлом эътиқодни оёқости қиладиган ва муборак динимизни ўз манфааати йўлида қурол қилиб олган кимсалар борлиги бугун барчамизни ташвишга солмоқда.Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи кучлар халқ рухиятини ичдан емириб, ҳалокатга бошлайди. Жамиятнинг ҳамжихатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб,одамларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек халқнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, оммани норозилик кайфиятида тарбиялайди. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг жирканч қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.
Ақидапарастлар фикрича ислом маърифатини ёйишнинг йўли фақат зўровонликдир. Шу йўлда улар жангариларни тайёрлаш ва қўпорувчилик билан инсонларга ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло : “(Эй Муҳаммад), Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..” (Наҳл сураси 125-оят)
Ғоялар кураши даврида ҳар бир фуқаро тажовузлар моҳиятини тўғри англаб етиши талаб этилади. Шу билан бирга, бундай қарама-қаршиликлар қайси кучларга таяниши, қандай фикрларни тарғиб этишини ҳам яхши англаш лозим. Ана шундай ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва бунёдкор ғоялар билан камол топган ёшлар қатламини вужудга келтириш долзарб вазифадир.
Ж.Жамуратов - Пайариқ туман Ислом нури жоме масжиди ноиб имоми
Киритилган вақти: 11/07/2020 14:12; Кўрилганлиги: 938
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 12:03