Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ёшлар тарбиясига лоқайдлик — келажак тамалини бузиш билан баробар.

 
 

Ижтимоий тармоқлар – инсоннинг ўз олдига қўйган маълум вазифаларини осонлаштирувчи бир восита холос. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак. Шундай экан, мазкур восита – ёрдам бериш ўрнига сизнинг шахсий ҳаётингизни бузишга киришяптими, ёҳуд оила тинчлиги учун раҳна соляптими, ундан дарҳол воз кечиш лозим.

Интернет ҳам яратганнинг бизга берган бир неъмати, ундан тўғри йўлда фойдаланайлик ва вақтимизни бекор исроф қилмайлик. Вақтимизни ва компьютерга кетадиган умримизни назорат қилишни ўрганайлик. Тармоқдаги нотаниш кимсаларга ишонмаслик керак. Интернетда истаган кишининг асл мақсадини яшириб, бошқача бўлиб олиш жуда осон.

Аллоҳ таоло инсон зотига ақлу идрок ато этиш билан уни яратган барча мавжудодларидан афзал қилди. Шу боис одамзот ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда амалга оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ўз жинсларидан бўлган, ўзларининг орасида яшайдиган кишилардан пайғамбарлар юборди ва барча илоҳий кўрсатмаларини уларнинг онгларига мос қилиб нозил қилди. Ушбу илоҳий кўрсатмалар орқали Аллоҳ таоло бандаларига фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш билан бир қаторда, уларни дунё ва охиратлари учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳ қилиб келган.

Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аслида огоҳ бўлиш лозим бўлган соҳалар жуда кўп. Масалан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг!»,— деган ҳадисларида «Соғликни бемор бўлишдан олдин, ёшликни кексаликдан олдин, бойликни фақирликдан олдин, хотиржамликни машғул бўлиб қолишдан олдин ва ҳаётни ўлимдан олдин» ғанимат билиб, уларни бепарволик билан қўлдан бой бериб қўймаслик учун огоҳ бўлиб яшашликка чақирганлар. Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ҳ.Темиров ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 21/08/2023 16:22;   Кўрилганлиги: 665
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/yoshlar-tarbiyasiga-loqaydlik-kelajak-tamalini-buzish-bilan-barobar
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг