ЯРИМТА ХУРМО БИЛАН БЎЛСАДА...
Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳ ўз даврининг энг кўп ҳадис ёдлаган олими эди. Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: "Шуъба ҳадисда мўъминлар амиридир", дер эди.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ эса: "Бу замонда ҳадис илмида Шуъбага ўхшагани йўқ", дер эди.
Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ: "Агар Шуъба бўлмаганида Ироқда ҳадис илми билинмас эди", деган.
Имом Шуъба роҳимаҳуллоҳдан жуда кўпчилик дарс олган. Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён Саврий, Кисоий, Қози Абу Юсуф, Асмаъий, халифа Ҳорун ар-Рашид роҳимаҳумуллоҳлар унинг шогирдларидир.
Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳ сахий ва олийжаноб киши эди. Унинг дўсти Абу Довуд Таёлисий айтади:
"Биз Шуъбанинг ҳузурида эдик. Сулаймон ибн Муғийра йиғлаб келиб қолди. Шуъба:
- Нега йиғлаяпсан эй Абу Саъид?- деди.
Сулаймон:
- Эшагим ўлиб қолди. У билан жума намозига борар эдим, кўп ишларни бажарар эдим, деди.
Шуъба сўради:
- Эшагингни қанчага олган эдинг?
Сулаймон:
- Уч динорга, деди.
Шунда Шуъба чўнтагидан пул чиқарди, уч динор экан. Уни Сулаймонга бериб деди:
- Бор пулим мана шу. Бунга эшак сотиб олгин, йиғлама!
Шуъба роҳимаҳуллоҳнинг кўнгил олишига қаранг. Қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Бор пулини бериб юборди!
Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ривоят қилади:
"Биз Шуъбанинг ҳузурида ҳадис тинглаётган эдик. Бир тиланчи келиб қолди. Шуъба бизга "садақа қилинглар", деди. Ҳеч ким қимирламади.
Шунда Шуъба яна: "Садақа қилинглар. Менга Абу Исҳоқ Маъқал ибн Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилиб айтди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Гарчи яримта хурмо билан бўлсада дўзахдан сақланинг", дедилар, деди.
Яна ҳеч ким қимирламади. У яна деди: "Садақа қилинглар. Менга Амр ибн Мурра Ҳайсама ибн Адийдан ривоят қилиб деди: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Гарчи яримта хурмо билан бўлсада дўзахдан сақланинглар. Агар топа олмасангиз гарчи ширин сўз билан бўлсада дўзахдан сақланинглар".
Яна ҳеч ким қимирламади. Шуъба деди: "Садақа қилинглар. Муҳилл ибн Муҳриз аз-Зоббий менга Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилиб айтди: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Гарчи яримта хурмо билан бўлсада дўзахдан сақланинглар".
Яна ҳеч ким қимирламади. Шунда Шуъба аччиқланиб деди:
"Туринг йўқолинг! Аллоҳга қасамки, уч ой сизга ҳадис айтмайман!".
У шундай деб уйига кириб кетди. Уйдан озгина хамир олиб чиқди. Уни тиланчига бериб деди:
"Ол буни. Бугунги таомимиз шу эди!".
Сулаймон ибн Ҳарб айтади:
"Агар Шуъбанинг кийимига қарасанг ўн дирҳам ҳам турмас эди. Аммо садақада катта шайх эди".
Садақа қилишда аслида бойлар муносиб бўлсада, у молга боғлиқ эмас. У нафснинг тўқлигига, қалбнинг тозалигига боғлиқ. Садақани оз дема. Умуман бермаслик маҳрумликдир.
Аллоҳ таоло покиза зотдир, покиза молни қабул қилади. Яримта хурмо бўлса ҳам майли. У ҳам бўлмаса ширин сўз. Аммо тиланчига ҳаргиз ёмон сўз айтиб маҳрум килманг.
А.Полвонов - Ургут тумани "Ургут марказий" жоме масжиди ходими
Киритилган вақти: 05/11/2021 06:22; Кўрилганлиги: 927
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 23:20