Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Хаворижийлар террорчилик ҳаракати жамоаси

 
 

VII асрнинг иккинчи ярмида асосий суннийлик йўналишидан ажралиб, хорижийлик, шиалик, муржиъийлик ва мўътазилийлик вужудга келди. Ўз навбатида уларнинг ҳар бири кўплаб гуруҳлар ва фирқаларга бўлиниб кетди. Улар ўртасидаги ақидавий ихтилофлар албатта мусулмон умматининг маънавий ҳаётига таъсир кўрсатди.

Исломда пайдо бўлган илк адашган тоифа халифа Али розияллоҳу анҳу аскарларидан 657 йили ажралиб чиққан хорижийларни ҳисобланади. Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятига эътибор берилган бўлса, хорижийлар унинг амалига қараб баҳо бердилар. Улар оғир гуноҳ  қилганлар «ёмон мусулмон»гина эмас, балки диндан қайтган кофир, деб эълон қилдилар. Номақбул ҳоким эса уларнинг фикрича, ағдариб ташланиши керак. Якка террор усулини қўллаган хорижийлар ўша давр давлат раҳбари ва даъвогарларни қатл этишни ўзларига мақсад қилиб қўйдилар. 661 йили масжидга кираётганида халифа Али розияллоҳу анҳуга пичоқ уриб, улар қисман ўз мақсадларига эришдилар ҳам.

Маълукмки, Сиффин воқеасидан сўнг шу вақтгача асосий бўлиб келган сунний йўналишидан ажралиб тўрт тоифа – хаворижлар, шиа, муржиъа ва мўътазила пайдо бўлди.

Хаворижлар, яъни қарши чиққанлар – Ислом тарихидаги биринчи ажралиб чиққан гуруҳ. Али Сиффин жангида бетараф томон ҳукмига рози бўлганига норозилик сифатида «фақат Аллоҳ ҳукм чиқариши мумкин», дея унинг аскарини 12 минг киши тарк этди. Улар Куфадан унча узоқ бўлмаган Ҳарура деган жойга кетдилар, шу боисдан дастлаб «Ҳарурийлар» деб аталдилар. Тарихий адабиётларда уларнинг «муҳаккима», «навосиб», «шурот», «марикун» деган номлари ҳам учрайди. Кейинчалик «қонуний»  ҳокимга қарши кураш олиб борган ҳар қандай тоифага «хавориж» номи берилди.

Бетараф ҳукм чиқарилгунига қадар Али розияллоҳу анҳу бутун кучини хорижийларга қарши ташлади: 12 минг аскардан 4 мингги қириб ташланди, 4 мингги таслим бўлди, қолган 4 мингги халифат бўйлаб тарқаб кетди. Улар ҳалифаликка даъвогар барча шахсларни ўлдиришга қарор қилиб, якка террор услубини қўлладилар. 661 йили Али қатл қилингач, хорижийлар Муовия розияллоҳу анҳуга қарши курашдилар. Бу курашда улар ўзига хос “партизан” услубини қўлладилар – отлиқ аскар билан қўққисдан ҳужум қилиб, хавф туғилган тақдирда зудлик билан Басрадан узоқда бўлмаган Батоиҳ деб номланган батқоқроқ жойдаги қароргоҳларига чекиндилар.

VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан маълум бўлган бир неча фирқалар пайдо бўлди – азрақийлар, ибодийлар, суфрийлар, наждатийлар ва ҳоказо. Ироқ ва Эрондан ташқари хорижийлар Арабистон ярим ороли Ямома, Ҳазрамавт, Яман ва Шимолий Африкада кенг фаолият олиб бордилар. Жазоир, Ливия ва Ўмонда ибодийлар жамоалари ҳозиргача сақланиб қолган. Дастлабки даврлардаёқ на ҳарбий – сиёсий ва на диний масалаларда хорижийлар орасида якдиллик бўлмаган. Турли даврларда ва халифаликнинг турли ўлкаларида фаолият олиб борган 20 дан ортиқ хорижий тоифалар зикр этилади.

Олий ҳокимият масаласида хорижийлар халифалар шартли равишда сайланиши керак, деб ҳисоблаган суннийлар ва илоҳий характердаги ҳокимият – имомат, наслдан – наслга ўтиши керак деб талаб қилган шиаларга қарши мавқени эгалладилар. Хорижийлар ҳам халифалар сайланишини талаб қилдилар, аммо уларнинг фикрича, халифанинг келиб чиқиши аҳамият ўйнамайди. Лойиқ бўлса, «қул ёки озод, наботий ёки қурайший» халифаликка сайланиши мумкин.

Эътиқод масаласида хорижийлар «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдорлари эдилар. Ҳақиқий имон амалда ўз ифодасини топади, деган тамойилдан келиб чиқиб, улар барча «гуноҳ кабира» содир этганларни кофирга чиқарардилар ва уларга қарши «жиҳод» олиб бориш керак, деб ҳисобладилар. Бу борада айниқса азрақийлар кескин мавқени эгалладилар. Уларнинг бошлиғи Нофиъ ибн Азрақ ўз жамоасидан бошқа барча мусулмонларни кофирга чиқариб қўйганди. Дарвоқе, ҳозирги замон ислом экстремистлари ҳам айнан шундай фикрдалар: гўёки фақат уларнинг кичик бир жамоаси асл мўминлар – у, бошқалар диндан қайтганлар ва улар билан аёвсиз кураш олиб бориш даркор. Ижтимоий соҳада гўё тенглик тамойиллари, давлат бошқарувида адолат учун даъват қилган бўлсалар-да, уларнинг ўта фанатизм ва аёвсизликка асосланган кураш усуллари хорижийлик ҳаракатини заифлаштирди ва охир-оқибатда мағлубиятга учрадилар.

 Бобохон Бобохонов
Самарқанд шаҳар "Хўжа Нисбатдор" 
жоме масжиди имом-хатиби 


Киритилган вақти: 08/09/2023 15:10;   Кўрилганлиги: 611
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/xavorijiylar-terrorchilik-harakati-jamoasi
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 06:22
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг