Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Хавориж оқимлари

 
 

VII аср иккинчи ярмида хаворижлар орасида йигирмага яқин турли гуруҳлар пайдо бўлди. Улар ичида энг йириклари – ибодийлар, азроқийлар ва суфрийлар бўлиб, ўз йўлбошчилари номи билан шундай аталганлар.

Ибодийлар. Ибодия бошқа хавориж гуруҳлари орасида энг мўътадили ҳисобланиб, бизнинг давримизгача сақланиб қолган ягона хавориж фирқасидир. Бу мазҳабнинг асосчиси умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон (685-705) даврида вафот этган Абдуллоҳ ибн Ибоддир. Мазкур мазҳабнинг таълимоти мўътадил бўлиб, у қолган мусулмонлар билан қиз олиб-қиз беришдан, улар билан мерос улашишдан қайтармайди. Шунингдек, уларнинг таълимоти ҳужжат ва исбот келтириб эълон қилгандан сўнггина бошқа мусулмонларга қарши уруш очишга ижозат беради.

Ибодия фиқҳий мазҳаби Аҳли сунна мазҳаблари билан кўплаб амалий диний масалаларда, яъни фуруъда мос келади. Бу мазҳабнинг таълимоти кўплаб қўлёзма ва босма китобларда жамланган. Энг муҳим чоп этилган китоби Муҳаммад ибн Юсуф ибн Утфоишнинг ўн жилдда чоп этилган «Шарҳи нил» асаридир. Мазкур мазҳаб вакиллари Марокаш, Умонда истиқомат қилишади.

Азрақийлар. Азрақийлар гуруҳининг асосчиси 685 йилда вафот этган Нофиъ ибн Азрақдир. Хавориж гуруҳлари орасида энг муросасиз ва бешафқат саналган бу жамоа ҳозирги кунгача етиб келмаган. Азориқа таълимотига хос бўлган жиҳатлар қуйидагилар:

-халифа Али розияллоҳу анҳуни кофир ҳисоблаганлар;

-гуноҳи кабира қилган мусулмонларни кофир деб эълон қилганлар;

-азориқалардан бўлмаган мусулмонлар, уларнинг қариялари, аёл ва болалари қонини тўкишни ҳалол деб ҳисоблаганлар;

-ҳайз кўрган аёлларга ҳам намоз ўқиш ва рўза тутишни фарз деб ҳисоблаганлар;

-майда ўғрилик учун ҳам қўлни бутунлай елкадан кесиб ташлашни буюрганлар.

Суфрийлар. Суфрия ҳам хаворижларнинг бир гуруҳи бўлиб, Зиёд ибн Асфар деган киши номидан шундай деб аталди. Суфрийлар таълимоти ўзининг нисбатан мўътадиллиги билан ажралиб туради. Бу гуруҳнинг ажралиб чиқишига хаворижлар орасида кўтарилган иймон масаласидаги тортишувлар сабаб бўлган. Улар азориқадан фарқли ўлароқ қўзғолонларда қатнашмаган ўз диндошларини кофирга чиқармаганлар. Рақибларнинг қария, аёл ва болаларини ўлдиришдан қайтарганлар. Онгли равишда ўз имонини амалда эмас, фақат оғзаки равишда яширишга йўл берганлар. Бу фирқа VIII асргача ўз фаолиятини давом эттирганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Бобобек Абдураҳимов - Самарқанд шаҳар “Қорабой Оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 01/02/2023 10:22;   Кўрилганлиги: 263
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/xavorij-oqimlari
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 18:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг