Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ХАТОЛАРНИ ТЎЗАТИШНИ ПАЙҒАМБАРОНА ЙЎЛЛАР

 
 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик, бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ҳалок бўлдим», деди. «Нима бўлди?», дедилар. «Рўзадор ҳолимда аёлимга қўшилиб қўйдим», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Узлуксиз икки ой рўза тутиб беришга қодирмисан?», деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Олтмишта мискинга таом бера оласанми?», дедилар. «Йўқ», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим туриб қолдилар. Шу орада у зот ҳузурларига бир сават хурмо олиб келиб қолинди. «Савол сўровчи қаерда қолди?», деб сўрадилар у зот. «Шу ердаман», деди ҳалиги киши. «Шуни олгин-да, садақа қилиб юбор», дедилар.

Шунда ҳалиги киши: «Ўзимдан кўра ҳам фақирроқларгами? Аллоҳга қасамки, (Мадинанинг) икки ҳарраси (яъни, икки чеккасидаги тошлоқ) оралиғида менинг хонадонимдан кўра фақирроқ хонадон йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнгра: «Буни аҳли-оилангга едир», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳул Борий: №1936).Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Отам мени Қурайшлик бир аёлга уйлантиргандилар. У мен(инг уйим)га кириб келганидан сўнг мен ибодатга – намоз ва рўзага бўлган қувватим сабабли унга бепарво бўлдим. Амр ибн Ос келинларининг олдига кириб: «Эринг қандай одам экан?», деб сўрабдилар. Аёлим: «Жуда яхши одам ёки жуда яхши эр, қўйнимизга қўл солмади, ҳали тўшагимизни танимади», деб жавоб берибди. Отам менга келиб, анча дашном бердилар, «Мен сени Қурайшнинг обрў-эътиборли аёлига уйлантирдим, сен эса уни ташлаб қўйибсан, ундай қилибсан, бундай қилибсан», дедилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб, устимдан шикоят қилибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга одам юбордилар, мен у кишининг олдиларига бордим. У зот мендан: «Кундузлари рўза тутасизми?», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа», дедим. «Кечаларни намоз билан ўтказасизми?», дедилар. «Ҳа», дедим. «Лекин, мен рўза ҳам тутаман, рўзасиз ҳам бўламан, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёллар билан бирга ҳам бўламан. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас. Қуръонни ҳар ойда бир бор ўқиб тугатинг», дедилар. Мен: «Ўзимни бундан кўра қувватлироқ деб биламан», дедим. «Унда ҳар ўн кунда ўқинг», дедилар. Мен: «Ўзимни бундан кўра қувватлироқ деб биламан», дедим. «Унда ҳар уч кунда ўқинг», дедилар. Сўнг: «Ҳар ойда уч кун рўза тутинг», дедилар. «Ундан ортиқроғига ҳам қувватим етарли», дедим. Оз-оздан ошириб бордилар, ҳатто: «Бир кун рўза тутиб, бир кун рўзасиз бўлинг. Чунки, бу энг афзал рўзадир. У биродарим Довуднинг рўзасидир», дедилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир обиднинг бир кучайиш палласи бўлади, ҳар бир кучайишнинг сусайиши ҳам бўлади. (Ўша сусайиш) ё суннатга ёки бидъат томонга қараб бўлади. Кимнинг сусайиши суннат томонга бўлса, ҳидоятланган бўлади. Кимнинг сусайиши бундан бошқа тарафга бўлса, ҳалок бўлади.
«Ҳар қандай амалнинг айни ривожланган палласи бўлади. Ҳар қандай ривожнинг сусайган пайти бўлади. Кимки сусайган вақтида менинг суннатимга мойил бўлса, у албатта нажот топади. Кимки бошқа томонга бурилса, албатта ҳалок бўлади», дедилар.

Мужоҳид айтади: «Абдуллоҳ ибн Амр кексайиб, заифлашиб қолган кезлари бир неча кунлар рўзани узмай тутарди, кейин шунча кун оғзи очиқ юрарди. Қуръондан вазифасини ҳам гоҳо кўпроқ, гоҳо камроқ ўқирди, бироқ ададни ё етти кун ё уч кун қилиб тўлдирарди. Кейинчалик у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсатларини қабул қилган бўлишим ундан бошқага бурилишимдан кўра яхшироқ бўларди экан. Лекин, мен у зотдан ажралган пайтимда бир иш устида эдим, энди ундан бошқасига ўтиб хилоф қилишни истамайман», дерди. (Муснад: 2/158, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган: №6477). Ушбу воқеадан олинадиган фойдалар
- Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаммонинг сабабини, яъни унинг ибодатга кўп берилишдан келиб чиққанини ва аҳли-аёлнинг ҳаққини адо этишга фурсат қолдирмаганини, қусур шундан содир бўлганини билдилар.
«Ҳар бир ҳақдорга ҳаққини бер» қоидаси тоат-ибодатга қаттиқ берилиб кетган киши ҳаққига ҳам ишлатилади. Мисол учун, кўп дарс беришга шўнғиб кетган толиби илм ёки даъватга муккасидан кетган даъват соҳиби аҳли-аёлига зиён бўладиган ва аёли ундан шикоят қиладиган даражага етган бўлса, бу нарса тоатларни бажаришда мувозанатдан чиқиб кетишдан келиб чиққан бўлади ва толиби илм дарсини сал камайтириб, даъватчи даъватни меъёрига келтириб, оиласи ва бола-чақаси учун ҳам вақтини ошириши лозим бўлади

Амиров Тўлқин тайёрлади.


Киритилган вақти: 04/12/2021 08:31;   Кўрилганлиги: 860
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/xatolarni-tozatishni-paygambarona-yollar
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 04:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг