ХАДИЧА ОНАМИЗНИНГ ИСЛОМ ОЛАМИДА ТУТГАН ЎРНИ
Хадича розияллоҳу анҳо ислом оламида муқаддас саналган ер Маккаи Мукаррамада туғилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари бўлиб, ўша ҳудудда вафот этди.Хадича бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусай Қурашия Асадия “Фил воқеаси”дан ўн беш йил олдин Маккада арабларнинг асл қавми бўлмиш Қурайшнинг энг эътиборли оиласида таваллуд топган. Унинг ота тарафидан насл насаби Қусайда Пайғамбаримиз насаби билан бирлашади. Она тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан катта боболари Луайда бирлашади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:“Пайғамбар мўминларга уларнинг ўзларидан меҳрибондир, унинг хотинлари уларнинг оналаридир”[1].
Ушбу оятнинг маъно мазмунига қарайдиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари мўминлар учун она ҳукмидадир.
Аллома Қуртубий ўзининг “ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон” номли китобида бундай деган. Унинг матни қуйидагича: “Аллоҳ таоло пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларини мўминларнинг оналари қилиб қўйиб шарафлади. Яъни, бу уларга таъзим қилишнинг вожиблиги, яхшилик қилиш ва улуғлаш лозимлиги, одамларга уларни никоҳлаб олишнинг ҳаром қилинганида кўринади. Бу нарса Пайғамбарини икром қилиш ва уларни шарафлаш бўлиб қолди”.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:“Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир. Чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир”[2].
Бироқ, уларга қараш, улар билан ёлғиз қолиш, мерос бериб, мерос олиш ва қизларига уйланиш каби ҳукмларда бегона аёллар кабидирлар. Яъни, бегона эркаклар уларга қараши ва улар билан ёлғиз қолиши мумкин бўлмаганидек.
Хадича розияллоҳу анҳо ер юзидаги барча аёлларнинг саййидаси деб тан олинган. У зотнинг отаси Хувайлид, онаси Фотима исмли аёл бўлган.Умму Қосим деб куняланган. Инсонлар исломдан олдин жоҳилият даврида ҳам Хадича онамизни Тоҳира деб чақиришган. Асли Қурайш қавмидан бўлган онамиз Хадича розияллоҳу анҳооқила, тоҳира, обида, сожида, олийҳиммат, саховат пеша ва меҳр-шафқатли аёл бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзи харидор бўлиб, турмуш қурганида Хадича онамиз 40 ёшда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, 25 ёшида бўлганлар яъни, Хадича онамиз Расулуллоҳдан 15 ёшкатта бўлган.Манбаларда келишича, Хадича бинти Хувайлид онамиз давлатманд, ишнинг кўзини биладиган ва ҳамма томонлама тажрибали аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиладиган кишилардан эдилар.
Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, ҳазрат Хадича тижорат билан шуғулланувчи бой, обрў-эътиборли аёл бўлган. У қавмининг эркакларини ёллаб тижорат карвонини Шомга йўллар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғри сўзли, гўзал ахлоқли ва омонатдор эканидан хабардор бўлгач, хизмат ҳақини икки баробар бериш шарти билан унга карвонни топширади. Тижорат сафарида Хадичанинг қули Майсара йўл бўйи ажабтовур ҳодисаларга шоҳид бўлади. Карвон ҳам бошқа сафарларга қараганда анча яхши фойда билан қайтади. Майсарадан бўлган воқеаларни эшитгач, Муҳаммаднинг фазилатларини англаган Хадичанинг унга қизиқиши ва муҳаббати ортади, турмуш қуришни таклиф этади. Бўлажак пайғамбар бу таклифни қабул қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳимдан бошқабарча фарзандлари Хадича онамиздан туғилган. Қизиқарли томони шундаки, Хадича онамиз ер юзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин қолаверсааёллардан энг биринчи бўлиб имон келтирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизни кўп марта тилларига олар, бошқа оналаримиздан кўра афзал билар эдилар. Ойша онамиз шундай деганлар: “Расулуллоҳ Хадичани кўп эслагани туфайли, у зотни рашк қилиб қизғонганимдекбошқа аёлларини қизғонмаганман” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз ҳаётлик чоғида бошқа бирон аёлга уйланмаганлар. Яъни, кейинги оналаримиз билан у зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар.
Аллоҳ таоло исломнинг дастаги учун Хадича онамизга моддий ва маънавий бойликларини инъом этиб, Расулининг машаққатли йўлида йўлдош, ҳамкор, яхши-ёмон кунида елкадош бўлишини тақдир қилган.
Абдуҳалим Муҳиддинов, Самарқанд шаҳар “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжиди имом-хатиби
[1]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004.Аҳзоб сураси, 6-оят.
[2]Аҳзоб сураси, 53-оят.
Киритилган вақти: 02/12/2021 08:10; Кўрилганлиги: 1892
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 16:17