ВАТАНГА МУҲАББАТ
Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган маскан у учун азиз ватандир. Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ҳар бир уммат учун пайғамбаримиздан улашилган буюк меросдир. Чунки ҳадиси шарифда "Ватанни севмоқлик иймондандир" дейилган. Пайғамбаримиз Маккадан Мадинага ҳижрат қилаётганларида Маккага қараб: “Қандай яхши юртсан, агар қавмимдан бу даражада озор ва ситамлар бўлмаганида сени ҳеч қачон тарк этмаган бўлардим” деганлар. Бу муборак сўзлар барча юрт фарзандларига жуда катта ибрат бўлмоғи лозим.
Биз яна ватанга бўлган муҳаббатни ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан ўргансак арзийди. Бобур Мирзо бир шеърида шундай дейди:
Ўтинчим ҳар рўз беш вақт намозда,
Хор қилма ёт юртда яхши, ёмонга.
Ва кечир сўнги дам юзим ўгирсам,
Қибламас, она юрт Андижон тамонга.
Фиқҳ китобларда муҳтазар, яъни, жон таслим қилаётган киши қандай ётиши керак, деган саволга муҳтазарни ўнг ёнбоши билан ётқизиб, қиблага юзлантириш суннатдир, дейилган. Сабаби, жон бериши енгилроқ бўлиши умид килинади. Аммо Бобур ҳазратлари ушбу тўртлигида Аллоҳим мени кечир сўнги дамда жон таслим қилаётганимда юзимни қиблага эмас, Андижон томонга қаратсам, деганлар. Бу юртга бўлган муҳаббат, Андижонга бўлган буюк садоқатдир. Неча минглаб чақирим узоқда жон таслим қилаётган ҳазрат Бобур юзини Андижон томонга бургани билан унга сарой деворларидан бошқа нарса кўринмас эди. Аммо бунда ватанга бўлган буюк муҳаббат, келажак авлод учун эса катта сабоқ бор.
Аллоҳ таоло барчаларимизга мана шундай ватанга муҳаббатлик, юртга садоқатлик қалб ато этсин.
Илҳомжон Мардиев Булунғур тумани "Исори Ўроқли" жоме масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 04/10/2023 15:33; Кўрилганлиги: 643
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 23:46