Вақт - ҳаёт демакдир
Аллоҳ таоло инсонни барча мавжудотлардан акл, нутқ ва тафаккур билан афзал қилди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шужумладан унинг умрини, вақтини белгилаб куйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Куръони каримда хабар бериб, шундай дейди:
"Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик” (“Камар" сураси, 49-оят).
Шунга биноан харбир инсон ўзига берилган умрдан унумли фойдаланишга интилиши лозим. Бу борада ўтган салафу солиҳлар, буюк олимларимиз вактдан унумли фойдаланиш ва унинг бир сониясини ҳам исроф қилмасликни насиҳат қилиб кетганлар. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканини яхши билишган ва буни бир лаҳза ҳам назардан четда қолдирмаганлар.
Умр инсониятга берилган энг бебаҳо неьматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир-окибат дунëдан охират сари риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. "Хўш, инсонга умр ўзи нима учун берилади? Инсон бу умрда нималар қилиши керак?" деган саволлар туғилиши табиийдир. Ушбу саволларга жавобан Аллоҳ таоло Куръони каримнинг "Мулк" сурасида бундай марҳамат қилади:
"У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир". Мазкур ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни беҳуда ишлар, бекор чилик, дангасалик ва тамбаллик билан ўтказиш учун эмас, балки хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади. Юқорида айтганимиздек, инсон умри ўлчовли. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт хамиша бизнинг зараримизга ишлайди. Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий хазратлари: "Эй одам боласи, сен маьлум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир", деган эканлар. Вақтнинг бебаҳолиги мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт - ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю сония, соат, кун инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Вақт шундай маблағки, уни эртанги кунга ғамлаб қўйиш мумкин эмас. Агар инсон бирор нарсанинг қиймати ва муҳимлигини билса, ўша нарсага қаттик эътибор бериб, уни беҳуда йўқотмасликка ҳаракат килади. Вақт киши имкониятидаги энг қадрли нарсадир. Аллоҳ таолонинг Каломида ҳам вақтнинг қадрли ва қимматбаҳо нарса эканига кўплаб ишоралар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло бир неча сураларда вақтнинг ажралмас бўлаклари бўлмиш тонг, чошгоҳ ва тунга қасам ичади. Шу ўринда уламолар вақтга қандай аҳамият берганлари инсонни ҳайратга солади. Улуғ тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: "Мен шундай қавмларни кўрдимки, сизлар дирҳам ва динорларингизни қизғанганингиздек, улар вақтларига қизғанчиқ эдилар". Яна бир буюк тобеинлардан Омир ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ айтади: "Бир киши унга "Кел, гаплашиб ўтирамиз", деди. Шунда Омир ибн Қайс: "Қуёшни тўхтатиб қуй", деди (яъни "сен билан гаплашиб ўтиришим ва вақт ўтмаслиги учун вақтни тўхтатиб қўйсанг, шундагина сен билан гаплашиб ўтиришим мумкин", деди). Чунки вақт ўткинчи, уни ҳаргиз ортга қайтариб бўлмайди. Умар ибн Абдулазиз: "Кеча ва кундуз сенда амал қилмоқда, бас, сен хам уларда амал қилгин", деганлар. Ўтган салафу солиҳлар кундан-кунга яхшилик ва амали солиҳда тараққий этарди, бугунги куни кечагисидан имонни мустаҳкамлигида ва солиҳ амалларни кўплигида зиёда бўларди.
Вақтни зое қилиш ўлимдан ҳам оғирроқ. Чунки вақтни зое этиш бандани Аллоҳга солиҳ амаллар орқали яқинлашишдан ва охиратингни обод қилишдан тўсади. Ўлим эса бандани дунë ва унинг аҳлидан тўсади.
Вақт сувга ўхшайди, агар киши уни ичмаса, у кишини ютиб юборади ва ғарқ қилади.
Темиров Ҳасан манбалар асосида
Киритилган вақти: 09/06/2022 08:56; Кўрилганлиги: 700
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:34