Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ВАЛИЙЛАР КАРОМАТИ ҲАҚДИР

 
 

Валий Аллоҳни дўст тутувчи, ибодатда бардавом, ҳукмларда маҳкам, эътиқодда ўрнак, гуноҳдан йироқ, ҳаромдан узоқ юрувчи кишидир. Зеро, Аллоҳтаоло Қуръони каримда:

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради...», деган.

Шунга кўра барча мўминлар валийдирлар. Бироқ уларнинг Аллоҳга валий-дўстликлари Унга яқинликлари нисбатида кучли ёки кучсиз бўлади...

Саъдуддин Тафтазонийнинг «Шарҳул Ақоидин Насафийя»  китобида айтиб ўтилганидек, шубҳасиз, уларнинг кароматлари ҳақдир. Бундай каромат узоқ масофани қисқа вақтда босиб ўтиш, муҳтож пайтда озиқ-овқат, ичимлик ва кийим-кечакнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, жонсиз ва тилсиз нарсалар билан гаплашиш, келган балоларнинг зарбини пасайтириш кабиларда билинади. Бу каби ҳолатлар валийларда ғайри оддий йўл билан содир бўлади.

Охирги пайтларда сохта салафий вакиллари илмсизликлари боис оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилишдан ташқари валийларнинг кароматларини кескин инкор этиш йўлидан бормоқда. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зот. Хоҳлаган бандасига набий, расул ёки валийлик мақомини бериш Унинг измида. У Зот ўз дўстларини мўъжиза ёки каромат ила сийлаши табиий ҳол, албатта. Бунга шак келтириш ноўрин. Валийлар Аллоҳ таолонинг эрка бандалари бўлиб, айрим ишларда бошқалардан ажралиб туришган. Улар ҳаётига разм солсак, теран мушоҳада этсак, бунинг ҳақлигига яна бир карра амин бўламиз.

Имом Абу Бакр ибн Фурак айтган: «Авлиёларга пайғамбарлардан фарқли ўлароқ кароматларини яшириш вожибдир».

Абу Бакр Ашъарийэса: «Каромат набийга ҳам, валийга ҳам хос», деганлар.

Демак, авлиёларда каромат содир бўлиши айни ҳақиқатдир. Унинг қандай бўлиши ақлга сиғмаса-да, бироқ шариат қоидаларига асло зид эмас. Ақидавий масалаларни мукаммал тушуниш, тўғри талқин қилиш, далил-исботларга суяниб иш тутиш ҳар хил фитна ва зиддиятларнинг олдини олишда айрим бузғунчи гуруҳларнинг ботил эътиқодларига раддия сифатида фойдаланишда қўл келади. Шундай экан, сохта салафийларнинг кўр-кўрона алдовларига учмасдан, балки ўтган валий зотларнинг йўлларини тутиш, суннатларига эргашиш, ҳикматларига суяниб иш тутиш айни камолот чўққиси эканини унутмаслик зарур.

Ҳасанов Аҳмад Самарқанд шаҳар Дамариқ жоме масжиди имом ноиби Манбалар асосида тайёрланди   


Киритилган вақти: 25/01/2023 10:33;   Кўрилганлиги: 216
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/valiylar-karomati-haqdir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 16:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг