Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ваъдага вафо қилиш мўмин-мусулмоннинг юксак сифатидир

 
 

Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унга бир неча гўзал фазилатларни ато этган. Бу фазилатлар инсоннинг зийнати ҳисобланади. Гўзал фазилатлар ила киши жамиятда бошқа инсонлар орасида ўзига яраша обрў-этиборга эга бўлади. Мана шу гўзал фазилатларидан бири берган ваъдаси устидан чиқишидир.

Маълумки, ваъдага вафо қилиш мўмин-мусулмоннинг юксак сифатидир. Зеро, буюк хулқ соҳиби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа юксак фазилатлар қатори аҳдига вафо қиладиган, сўзи устидан чиқадиган комил инсон бўлганлар. Азал-азалдан ваъдага вафо қилмаслик халқимиз орасида қораланиб келган ва келмоқда. Ҳатто, ваъдабоз, субутсиз ва ёлғончини яхши инсон деб билишмаган. Айниқса, Ислом ахлоқи асосида тарбия топган ота-боболаримиз бундай разил ишлардан нафратланишган. Қуруқ ваъдабозлик бевосита ёлғончиликка етаклайди. Бу эса, Исломда улкан гуноҳлар сирасига киради. Чунки мўминда ёлғон ва хиёнат бўлмайди. Аҳдга вафо қилиш имоннинг асосий белгиларидан бўлиб, бу тўғрисида Қуръони каримда қайта-қайта такрорланган. Аллоҳ таоло Мўъминун сурасида имонли кишиларни таърифлаб бундай марҳамат қилади: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (8-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида: “Мусулмон биродаринг билан тортишма, уни масхара қилма, унга ваъда бериб, кейин ваъдага хилоф иш қилма”, дея биз мўмин-мусулмонлар амал қилиши лозим бўлган нарсалар уқтирилган. Биз ана шу каби инсоний фазилатларга зид амаллардан йироқ бўлишимиз даркор. Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин. Омин!

Нуриддинов Зайниддин –Иштихон тумани “Деҳқонобод” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 07/06/2022 11:19;   Кўрилганлиги: 817
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/vadaga-vafo-qilish-momin-musulmonning-yuksak-sifatidir
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг