Устозни хотирлаб
Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг азизу мукаррами шубҳасиз, инсондир. Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (“Исро” сураси, 70-оят) деб марҳамат қилинади. Шу боис ҳам, динимиз аҳкомлари, муқаддас китобларимизда ибодат, имон масалалари билан бир қаторда инсонни улуғлаш, инсоний муносабатларнинг олий даражада бўлишлиги назарда тутилади.
Ҳаётда ота-онамиз, яқинларимиз, устозларимиз, умуман, атрофимиздаги инсонларнинг қадрига етиш билан бирга, ўтганларни эслаш, хотирлаш ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Фоний дунёдан ўтиб кетган ўз яқинларимиз – марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш инсоний бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Банда ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш, турмуш кечириш хайрлидир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Айтинг: “Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар!” (“Рум” сураси, 42-оят) деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадан кўринадики, ўтмишда ўтган кишилар ҳаётини, қилган эзгу амалларини ўрганиб, яхшиликларидан ибрат олиб, хатолардан хулоса чиқариб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилиш келажакнинг салоҳиятли бўлишида муҳим роль ўйнайди.
Бу хусусида жуда кўп оят ва ҳадислар бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар (Термизий ривояти). Демак, инсон вафот этгандан сўнг одамлар уни яхши сифатларини эслаши учун энг аввало, ҳар бир банда тириклигида Аллоҳ рози бўладиган амалларда бардавом бўлиши, эзгу ва хайрли ишларни бошидан тутиши лозим бўлади.
Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак.
Шу ўринда Самарқанд фарзанди, узоқ йиллар диний соҳада катта хизматлар қилган, бир неча йиллар Бухородаги Мир Араб мадрасаси мудири, Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани “Эски Жума” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент вилоятининг бош имом-хатиби, Тошкент шаҳри "Қаффол Шоший" жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида фаолият олиб борган. Устоз Қурбонали домла Турсунов Алломалар юрти Самарқанд вилояти Ургут туманида таваллуд топганлар. Бу нурли оиланинг фарзанди ўз умрларини ёшлик даврларидан илму ирфонга бахш этдилар. Кўплаб илм даргоҳларида ўз соҳасини етук алломаси бўлиш меҳри билан таълим олиш натижасида самарали меҳнатлари эвазига динимизнинг пешвоси бўлишга мушарраф бўлдилар.
Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир.
Устоз Қурбонали домла Турсунов ўзидан кўплаб шогирдлар қолдирди. У умрини Исломнинг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакили Зайниддин домла Эшонқулов, Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров, Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар домла Маҳмудов ва бошқа ҳозирда Ўзбекистонда забардаст бўлган 10 дан ортиқ домлани шогиртлари мавжуд.
Аллоҳ таоло жонажон юртимизда динимиз йўлида хизмат қилиб заҳмат чекиб ўтган ота-боболаримизни, юртдошларимизни, барча устозларимизни ҳусусан Қурбонали домлани ўз раҳматига олсин.
Мусулмонларнинг энг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб марҳумларни ҳақларига дуо қилишни сабоқ бергани сингари: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, дея дуолар қиламиз.
Авлодларининг келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги ўтмишни, Устозлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.
Шогиртлари томонидан тайёрланди
Киритилган вақти: 02/05/2024 11:22; Кўрилганлиги: 760
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:34