Устозларни хотирлаб
Аллоҳ таоло барча яратган мавжудотлари ичида инсон зотини азиз ва мукаррам қилганини баён қилиб шундай деди: “Дархақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (“Исро” сураси, 70-оят).
Ислом дини инсон қадрини ана шундай мукаррам деб билади. Ушбу мукаррамлик эса инсон вафотидан сўнг ҳам сақланиб қолади. Жанобимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобалар билан ўтирганларида олдиларидан жаноза олиб ўтилди. Шунда Пайғамбар алайҳис салом ўринларидан турдилар, у кишига эргашиб саҳобалар ҳам ўринларидан туриб, ё Расулаллоҳ, у Яҳудийнинг жанозаси-ку, дейишди. Шунда пайғамбар алайҳиссалом: “Агар жанозани кўрсанглар ўринларингиздан туринг”, - дедилар. Қадимдан ота-боболаримиз ҳам ёш авлодга ўтганларнинг хотирасини ёд этиш, дуо ва яхшиликлар билан йўқлаб туришда ўрнак бўлишган.
Бир одам оламдан ўтар экан, ортида қолган яқинларининг қалбидаги айрилиқ дарди ҳам йиллар ўтиб, енгиллашади. Баъзилар эса бир неча йиллардан сўнг бутунлай унут бўлиб кетади. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг вафотидан кейинги соғинч вақт ўтиши билан нафақат унутилмайди, балки кун сайин кучайиб, борган сари чуқурлашиб боради. Шу боис уларни соғинч ила хотирлаб, ҳақларига дуои хайрлар қилиб турамиз. Юрт раҳбари ҳам ўтган аждодларимиз, аллома ва фазилатли кишиларнинг қабрларини зиёрат этиб, ҳақларига Қуръон тиловати ва дуолар қилиб туришига барчамиз гувоҳмиз. Яқинда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мақбарасини зиёрат қилди. Пойтахтдан Самарқандга биринчи президент қабрини зиёрат ва дуо қилиш учун алоҳида сафарни амалга оширдилар. Албатта, бу амаллар таҳсинга лойиқдир.
Шу ўринда диний соҳада узоқ йиллар хизмат қилган, барчамизга устозлик қилган, ёнма ён туриб меҳнат қилган ва бугун ҳаётий дунёдан ўтган кўплаб азизларимизни тез-тез ёдга оламиз. Улар қолдирган илм-маърифат, дин йўлида амалга оширган салмоқли ишлар бугунимиз учун аст қотаётганини ҳис қилар эканмиз, ўзларининг хотиралари ҳам қалбимизда янгиланиб туради.
Мустабид тузумнинг зулми энг ҳаддидан ошган қийин даврларда ҳам мустаҳкам иймон, сабр-матонат билан масжидларда имомлик қилган, халққа дину диёнатни етказган, амру маъруф ва наҳйи мункарда қоим бўлган Самарқанд заминидан етишиб чиққан замондош дин уламолари марҳум, муфтий Усмонхон Темурхон ўғли Алимов ҳазратлари, Мустафоқул Меликзода, Нуриддинхон Исломов, Султонмурод қори Холмуродов, устоз Шоди домла Ҳақбердиев, Абдураҳим домла Пўлатов каби забардаст устозларнинг хотиралари ёдимизда сақланиб қолади. Улар тарбиялаган шогиртлар бугунги кунда юртимиз масжид ва мадрасаларида дин хизматида қоим бўлиб келмоқдалар. Мусулмонлар хизматида бўлган, аммо ёш бу дунёдан ўтган Абдураҳмон домла, Алижон домла, Раҳматуллоҳ, Мақсуджон каби домлаларимизни ҳам дуоларимизда бот-бот йўқлаб турайлик. Иншааллоҳ, бу зотларнинг динга, мусулмонларга ва жамиятга қилган хизматларининг барокатидан уларнинг номаи аъмолларига то қиёмат кунига қадар савоб етиб туражак ва ибратли умрлари барчамизга намуна бўлади. Устозлар йўлидан бориб, илм эгаллаш ва унга холис амал қилишда бардавом бўлсак, юртимизда аҳли илмлар, ходими шариатлар янада кўпаяди. Аждодларимиз эришган юксак мартабаларга халқимиз яна эришади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барча ўтган улуғ устозларимизни, меҳрибон ота-оналаримизни раҳматига олиб, охиратларини обод айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Киритилган вақти: 12/09/2023 15:19; Кўрилганлиги: 641
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 23:13