Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

УСТОЗ - ҚАЛБ МЕЪМОРИ

 
 

Доно халқимизда азалдан “Устоз отадек улуғ” деган пурмаъно ҳикмат бор. Чунки инсоннинг ота-онаси унинг вужудига сабаб бўлса, устоз вужуднинг асоси бўлмиш ақл-идрок, онгу-шуъур ва таълим-тарбия ривожи учун сабабдир. Бир сўз билан айтганда устоз инсон қалбининг меъморидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“У кунда на молу давлат, на бола-чақа фойда бермас. Лекин ( у кунда) Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур) (Шуъаро сураси 88-89-оятлар)

Инсон жуссасидаги ана шу миттигина аъзо, қалбнинг ўрни ва аҳамияти шу қадар муҳимки, икки дунё саодатининг асоси унинг ҳолатига боғлиқдир.

Шунинг учун ҳам устоз деб аталмиш шарафли ва масъулиятли касб соҳиб ва соҳибалари ўз тасарруфидаги шогирдларининг таълим ва тарбияси учун ҳар доим ўта ҳассослик билан эътибор қаратиб келадилар.

Зеро муқаддас динимизнинг оламшумул илоҳий таълимотларида ушбу касб эгалари юксак даражаларга кўтарилган холда эътироф этилган.

“... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур...” (Мужодала сураси 11-оят)

Дарҳақиқат, илм шундай гўзал шарафки кимга унинг нисбати берилса хурсанд бўлади. Илмнинг аксижоҳиллик нисбати берилган ҳар қандай инсон ҳам ранжийди. Инсоният бино бўлибдики, илм аҳли доимо эътиборда, илмсизлик эса ҳасрат надоматда ўтганини кўришимиз мумкин.

Ривоятларда келишича Маккада оддий ҳизматкор бўлиб ишлаган бир йигит бўлиб, унинг юз кўриниши ҳам унча яхши эмас эди. Аммо у илм олиш йўлида жидду жаҳд қилди. Ҳатто у Макканинг кибор уламоларидан бирига айланди. У буюк тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳ бўлиб танилди. Одамлар узоқ яқинлардан диний масалаларни сўрашлик учун унинг олдига қасд қилиб келишар эди. Шундай кунларнинг бирида халифа Сулаймон ибн Абдулмалик ўғиллари билан ҳаж қилаётганда баъзи масалаларни сўрашлик учун Ато ибн Абу Рабоҳнинг олдига келади. Кўрсаларки унинг атрофини одамлар қуршаб олган. Хатто халифага ҳам қиё боқмасдан саволларга бирин кетин жавоб бермоқдалар. Шунда Сулаймон ибн Абдулмалик ўғилларига қараб:“Эй ўғилларим илм ўрганинглар, илм мана шундай улуғликдир”дейдилар. Ато ибн Абу Рабоҳ ким эдию, қандай даражага кўтарилди. Унинг мартабаси юксалиши фақатгина ундаги илмнинг самарасидан эди.

Халифа Хорун ар-Рошиднинг доимо илм аҳлини икром қиладиган улар билан бир дастурҳонда ўтириб таомланадиган гўзал одатлари бор эди. Кунлардан бир кун шундай зиёфат дастурҳонига Абу Муъовия аз-Зарир исмли кўзлари кўрмайдиган аҳли илмни ҳам олиб келина ди.

Зиёфат тугагач Хорун ар-Рошид Абу Маъовиянинг қўлларига ўзлари сув қуйдилар ва: “Сизнинг қўлингизга ким сув қуяётганини билдингизми” дейдилар.

Абу Муъовия: “Ходимларнинг бирлари бўлса керак, мен кўрмасам” дейдилар.

Шунда Хорун ар-Рошид:“Сизнинг қалбингиздаги илмнинг хурмати мен ўзим қуймоқдаман” дейдилар.

Илм ва илм аҳлига эътибор қанча кучайса жамиятда шунчалик илм маърифат ривож топади. Бу борада эса қалб меъморлари бўлмиш устоз ва мураббийларимизнинг ҳизматлари беқиёсдир. Жалолиддин Румий ҳазратлари инсон жисмини отга қалбни эса чавондозга қиёслаганлар. Яъни ҳеч қачон манзилга отнинг ўзи боролмайди. Балки унинг асосий бошқарувчиси чавондоздир. Шундай экан биз фақат отнинг озуқаси билан машғул бўлиб қолиб чавондозникини унутиб қўймайлик дейдилар.

Сўнги сўз ўрнида шуни айтмоқчимизки бугун биз ҳам фарзандларимизни илмга қизиқтирайлик. Уларнинг устозлари ва жамиятимиздаги ҳар бир илм аҳлига ҳурматимизни оширайлик. Ана шунда икки дунё саодатига эришиш йўлидаги манзилимиз иншааллоҳ нурли йўлга айланажакдир!

Юртимиздаги барча устозларни 1-октябрь устоз ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман!

 

Ўткир Умирқулов - Самарқанд шаҳар "Лоҳутий" жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 30/09/2021 16:34;   Кўрилганлиги: 1143
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ustoz-qalb-memori
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг