Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

УЛАМОЛАРНИНГ ТАШРИФИ АҲОЛИГА ИШОНЧ, ҲУДУДЛАРГА ФАЙЗ БАҒИШЛАМОҚДА

 
 

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, аввало, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга, уларнинг турмушдан рози бўлиб, шукроналик ҳисси билан яшашга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ташрифлар юртдошларимизни шу юрт равнақига ҳисса қўшишга, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга  ундамоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф буюриб, халқ билан маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда суҳбатлар ўтказиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олган эдилар.

Бугун, 2021 йил 25 июнь куни уламолар мазкур анъанани давом эттириб, Тошкент вилоятига ташриф буюрдилар. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шоазим Миноваров бошчилигида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий Олмалиқ шаҳрига ташриф буюриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан учрашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглашди. Шаҳар сектор раҳбарлари билан ҳудуддаги ижтимоий объектларни кўздан кечиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков, Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари З.Нортожиевлар Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ”, “Саид ота” масжидлари атрофидаги аҳоли билан мулоқотлар қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, таниқли олим Салоҳиддин домла Шарипов Ангрен шаҳридаги “Облиқ” масжидига ташриф буюриб, жоменинг қурилиш жараёни билан яқиндан танишди ҳамда ўзининг қимматли маслаҳатларини берди.

* * *

Ташрифнинг жума куни бошланишида ҳам рамзий маъно бор, албатта. Чунки ҳадиси шарифда: “Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир” (Имом Термизий ривояти), дейилган. Дарвоқе, жуманинг файзи бўлакча. Шу билан бирга, бу кунда бажариладиган хайрли амалларнинг ажрлари кўпайтирилиб берилади. Иншоаллоҳ.

Бугунги жума мавъизаси мавзуси “Юсуф алайҳиссалом қиссасидан ибратлар” бўлиб, бу мавзуни уламолар: Ҳомиджон қори Ишматбеков Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ”, Салоҳиддин домла Шарипов “Облик”, Нуриддин домла Холиқназаров Бўка туманидаги “Ўрта Қўрғон”, Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янгийўл туманидаги “Гулбоғ”, Жалолиддин домла Ҳамроқулов Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори”, Аброр Мухтор Алий домла Олмалиқ шаҳридаги “Рамазони шариф” жоме масжидларида мўмин-мусулмонларга таъсирчан тарзда етказишди.

Дарҳақиқат, таниқли уламоларнинг, дин пешволарининг маърузаларини эшитиш кишига ўзгача завқ бағишлайди. Шу боис кўплаб кишилар уларнинг масжидларига ошиқадилар, маърузаларидан баҳраманд бўлишга интиладилар. Бугун эса, уламоларимиз аҳоли орасида, уларнинг ўзлари халқ билан учрашиб турибди. Бу катта имкониятдир.

Воизларнинг бугунги жума мавъизасидан мўмин-мусулмонларсир сақлаш; ҳасаддан тийилиш; тўғри йўлдан адаштирувчи амаллардан четланиш; ҳақ йўлда сабр ва сабот кўрсатиш; ўзини туҳматдан поклаш каби динимиз таълимотларини таъсирчан мисоллар орқали билиб олишди.

* * *

Муқаддас динимиз доимо яхшилик қилишга ундайди. Аллоҳ таоло Ар-Раҳмон сурасининг 60-оятида: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир», деб марҳамат қилади.

Ояти каримани ўзиларига шиор қилиб олган уламолар эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериб, уларнинг кўнгилларини кўтаришмоқда.

Тошкент вилоятига ташрифлар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар иштирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши баробарида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан ҳам хабар олиняпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков ва Ангрен шаҳар бош имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ажратган эҳсонни топширишди.

Нуриддин домла Холиқназаров, Собиржон домла Рустамов, Баҳриддин домла Шарипов ҳамда Ҳ.Тошболтаевлар Бўка туманидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олишди.

Шунингдек, Абдуллоҳ домла Йўлдошев ҳамда Обиджон домла Мирҳамидов Оққўрғон туманида бўлишиб, кам таъминланган оилаларга “Вақф” фонди томонидан берилган моддий ёрдамлар ҳамда совғаларни улашди.

Янгийўл туманидаги “Умид” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи эҳтиёжманд оилалар ҳам “Вақф”нинг мурувватидан бебаҳра қолмади. Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Миродил домла Миржалилов ҳамда Қамариддин домла Қамбаровлар моддий ёрдам ва совғаларни ҳақдорларга етказишди.

Аллоҳ таоло эҳсонларни даргоҳида қабул қилсин.

* * *

Тошкент вилоятига ташриф буюрган уламолар кун тартибидан инсон манфаатларига хизмат қиладиган, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтирадиган, одамларни эртанги кундан рози бўлиб яшашга ундайдиган ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаяпти.

Шу билан бирга, вақт тиғиз бўлишига қарамай, уламоларимиз Ватан, эл, дин учун хизмат қилиб ўтган азиз инсонларнинг оила аъзоларини зиёрат қилишни ҳам унутишмади.

Муфтий ўринбосарлари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Иброҳимжон домла Иномов, раис маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов, Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов ва бошқа уламолар кўп йиллар давомида динимиз равнақи йўлида катта хизмати сингган Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби марҳум Хайруллоҳ домла Турматовнинг оиласи ҳолидан хабар олишди.

Марҳумнинг ҳаққига Қуръони карим тиловат қилиниб, Хайрулла домланинг амалга оширган хайрли ишлари эсга олинди.

Аллоҳ таоло Хайрулла домлани раҳматига олсин.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов Янгийўл туманидаги “Эски қовунчи” жоме масжидида аҳоли билан учрашди, уларнинг дарду ташвишларини тинглади.

Шунингдек, уламолар “Ёшлик”, “Гулистон”, “Қовунчи”, “Пистали” ва “Дархон” маҳаллалари аҳолиси билан ҳам дилдан суҳбатлашишди. Учрашув жуда кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.

* * *

Бир оғиз ширин сўз киши кўнглини кўтаради. Аксинча, ёмон сўз кўнгилларни барбод қилади. Зотан, ширинсухан бўлиш динимиз амридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳар доим одамларга ширин сўз айтганлар.

Ташриф давомида фидойи аёллар ҳам фаол қатнашиб, маҳалларда аҳоли билан учрашувлар ўтказишди. Бугунги ташриф асносида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими О.Арипова, Ўзбекистон халқаро ислом академияси маъсул ходимиҲ.Тўйчиева, Ўзбекистон мусулмонлари  идораси маъсул ходимиМ.Абдуллаева ва Тошкент вилояти Тарғибот гуруҳи раҳбари О.Парпибоева, Тошкент вилоятибош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Имомова ҳамда ҳудудга бириктирилган отинойилар маҳалла фаоллари билан биргаликда Бекобод туманидаги “Амир Ҳамза” жоме масжиди атрофида жойлашган “Бўстон” маҳалласида яшовчи муаммоли аҳоли билан мулоқот қилиб, оилаларга кириб, улар билан дилдан суҳбатларуюштиришди.

Аҳолига юртимизда инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб беришди.

Мухтасар айтганда, бир кунлик ташриф давомида Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Янгийўл, Оққўрғон, Бўка ва Бекобод туманлари аҳолиси билан ўтказилган маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи кишилар билан қилинган юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда уюштирилган суҳбатлар одамларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олингани уларнинг ёлғиз эмаслигини англатди.

Хайрли ишлар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакиллиги

 Ахборот хизмати


Киритилган вақти: 26/06/2021 11:51;   Кўрилганлиги: 847
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ulamolarning-tashrifi-aholiga-ishonch-hududlarga-fayz-bagishlamoqda
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 13:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг