Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Уламоларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатлари!

 
 

Қуръонсиз киши руҳсиз тана кабидир. Мусулмон кишининг мусулмон эканлиги унинг Қуръонга бўлган муҳаббатида акс топади. Уламолар Қуръони каримга жуда муҳаббатли бўлишган. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг ҳам Қуръони каримга муҳаббатимиз чексиз! Киши Қуръони каримга муҳаббати янада кучайишлигини ҳоҳласа, уни тадаббур ва маъноларини тушуниб ўқимоқлиги лозим! Қуйида уламоларимизнинг Қуръони карим ҳақида айтган гапларига назар ташласак:

Яҳё ибн Жало роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳни шундай деяётганларини эшитдим:

«Дунё – қалблари Қуръон ила тўлган кишиларнинг жигарларини эритиб юборишлиги мен учун азизроқдир».

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ кўп айтдилар:

«Аллоҳга қасамки, эй одам боласи! Агар Қуръон ўқиб, унга ҳақиқатда ишонадиган бўлсанг, дунёда маҳзунлигинг узаяди, дунёда хавфинг (Аллоҳдан қўрқиш) қаттиқлашади ва дунёда йиғинг кўпаяди».

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ «Мадорижус соликийн» китобларида айтдилар:

«Қуръонни тадаббур қилгин. Албатта, бу қалб кўзини Қуръон маъноларига чорлайди. Фикрни тадаббурга жам қилади ва уни Қуръонга боғлайди. Мана шу нарса унинг нозил бўлишдан кўзланган мақсаддир. Фаҳм ва тадаббурсиз тиловат қилиш эмас!

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қалбингни уч ўринда изла:

 Қуръон эшитаётган пайтда;

 Зикр мажлисларида;

 Хилват пайтида.

Агар бу ўринларда қалбингни топа олмасанг, Аллоҳ таолодан қалбни сўрагин! Чунки сенинг қалбинг йўқ!

Аҳмад Ийсо Маъсровий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Уч тоифа бор дунё ва охиратда бахтсиз бўлмаслар:

 Қуръон ўқиб, унга амал қилган киши;

«Қуръонни сенга бахтсиз бўлишлигинг учун нозил қилмадик» (Тоҳа сураси 2-оят).

 Хурсандчилик ва ғам-ғусса пайтида ҳам дуони лозим тутган киши;

«Роббим Сенга дуо қилиш билан бахтсиз бўлмадим» (Марям сураси 4-оят).

 Ота-онасига яхшилик қилган киши;

«Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади» (Марям сураси 32-оят)”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Албатта, бу қалблар бир идишлардир. Уни Қуръон билан машғул қилинглар, бошқа нарса билан эмас!».

Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Асал баданларга шифо бўлганидек, Қуръон нафсларга шифодир. Аллоҳга қасамки, бир оят ўқиб, уни чуқур маъноларигача тушунсангиз, у қалбингизга хотиржамлик ва саломатлик келтиради. Агар уни шаҳар аҳлига улашсангиз ҳам, уларнинг барчасига кифоя қилади”.

Alloh taolo bizni Quroni karimga oldingilar muhammatli bolganlaridek, muhabbatli bolishlikni nasib qilsin! Kunimiz Quronsiz otmasin!

 Абдуссамиъ Хайруллоҳ


Киритилган вақти: 24/09/2020 14:18;   Кўрилганлиги: 1287
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ulamolarning-quronga-bolgan-muhabbatlari
Чоп этилган вақт: 04/11/2025 00:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг