Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

УЛАМОЛАРНИ НИФОҚДА КУФРДА АЙБЛАШ ФИТНАДИР!!!

 
 

Азалдан илму-амалда донг таратган, исломга қилаётган хизмат ва даъватлари билан танилган мусулмонларнинг улуғ уламоларини яҳудийликка ва яҳудийларга хизмат қилишга, жосусликка мансуб қилиш, бу билан уларни айблаш, обрўсизлантириш бир неча асрлардан бери давом этиб келаётган катта фитнадир!
Жумладан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини яҳудийга уйланган, болаларини ҳам яҳудийга уйлантирган, деган гап ўз вақтида тарқатилган. Хатиб Бағдодий эса кимсан, муҳаддис Ибн Абу Шайбанинг: “Мен Абу Ҳанифани яҳудий деб ўйлайман!”, деган гапини ўз китобида келтирган.

Ҳақиқатдан ҳам агар шу гапни мазкур муҳаддис айтган бўлса, унинг фитна домига илиниб қолганлигига шак-шубҳа йўқ!
Айбловларни кузатилса, замонамиздаги дунёда бирор мусулмон олими йўқки, уни яҳудий дейилмаган бўлса. Мусулмонларнинг давлат раҳбарлари йўқки, уни яҳудий деб, унга нисбатан, унинг давлат тизимига нисбатан ишончсизлик уйғотишга ҳаракат қилинмаган бўлса. Бу ишларнинг ўзи яҳудийларнинг иғвоси, фитнаси бўлиб, афсуски, мусулмонларнинг якдиллиги, бирдамлигига путур етказиш учун қилинаётган фитна бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Яҳудийларнинг ўзи ислом олимни ёмонотлиқ қилиш мақсадида, уни атайин биздан деган бўлиши мумкинлигини хаёлга ҳам келтирмаймиз. Асоси йўқ гапни бемалол тарқатаверамиз, ишониб кетаверамиз. Ақли етадиганларимиз текшириб ҳам кўрмаймиз. Масалан, ислом оламида таниқли қайсидир уламонинг яҳудийларга мансублиги уларга хизмат қилиши очиқ ойдин уларга туҳматку. У ислом динининг ҳақлигини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар билан бирга илмий далиллар орқали исботлаб бераётган ҳар қандай олим бўлиши мумкин. Унинг илмий-оммабоп асарлари ва мақолалари кўпчиликнинг тўғри йўлга кириши, имонларининг мустаҳкам бўлишига сабаб бўлгани ҳам ҳақиқат эдику. Айнан мана шу ҳолатдан қўрқиб, яҳудийлар уни ўзимиздан деб туриб, уни обрўсизлантиришга уринган бўлиши, мусулмонлар кўнглида унга нисбатан нафрат ва ишончсизлик уйғотишни кўзлаган бўлиши мумкин-ку!

Уламоларни ва давлат раҳбарларини куфрда айблаш, яҳудий дейиш ва яҳудийлар малайи деб таъна қилиш ана шу яҳудийларнинг бир фитнаси бўлиши мумкин. Айниқса ҳозирги даврда уламоларни нифоқда, куфрда айблаб, давлат раҳбарларини эса тоғут деб фитна тарқатаётганларди гапларига кўп нарсани билмаган ёшлар эҳтиёт бўлиб ёндашишлари керакки фитна қурбонига айланиб қолмасинлар. Текширилмаган гапни тўғри деб қабул қилавермаслик ва уни тарқатавермаслик кераклиги Қуръони каримнинг ҳукми ҳисобланади. Хабарни яхшилаб текшириб кўришимиз керак:

يايّها الذين ءامنوا ان جاءكم فاسق بنبأٍ فتبيّنوا ان تصيبوا قوما بجهلةٍ فتصبحوا على ما فعلتم نادمين


“Эй мўъминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирор хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб – текшириб кўринглар!” (Ҳужурот, 6)

Демак, фалончи олимни ёки давлат раҳбарини ёхуд бирор таниқли шахсни яҳудий деб гап тарқатиш аслида фосиқлик бўлиши мумкин. Шунинг учун бу хилдаги гап-сўзлардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Хабарни аниқлашни эса олимлар ва мутахассислар текшириб берадилар ҳамда улар ўз ҳукмини чиқарадилар. Ўша вақтгача барча ҳолатлар ва шубҳалар текширилиши, ҳолат ва вазият обдон ўрганиб чиқилиши керак бўлади. Бирорта шубҳа бўлса ҳам инсонни кофир деб ҳукм қилиш асло мумкин бўлмаганидек, бир мўъминга тўқсон тўққиз далил кофирлигига, битта кичик далил мўъминлигига далолат қилиб турса, уни кофир дейиш мумкин бўлмаганидек, мўъминман деб турган ҳар кимни яҳудий дейиш, яҳудийликка нисбат қилиш асло мумкин эмас.

Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида тайёрлади


Киритилган вақти: 11/01/2022 07:27;   Кўрилганлиги: 822
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ulamolarni-nifoqda-kufrda-ayblash-fitnadir
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг