“Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор ижроси бўйича
Халқимиз озгина маблағ топса, яхши ниятлар билан тўйга, яхши кунларга деб жамғариб қўяди. Бу халқимизнинг бошқа миллатлардан ажратиб турадиган, мақтовга сазовор, фазилатли хислатларидан десак муболаға бўлмайди. Буни қисқагина қилиб айтганда “Меҳмондўстлик” деб номлаш мумкин. Лекин халқимизнинг ушбу меҳмондўстлик каби фазилати, минг афсуслар бўлсинки, иллатга айланиб қолмоқда.
Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда меъёр, миллий урф-одат ва динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, ким ўзарга пойга ўйнаётган ҳолат содир бўлмоқда. Жумладан, келинларнинг ғарб модалари асосида тикилган қимматбаҳо кийимларни ижарага олишлари, турнақатор тўй картежларининг йўллардаги ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллийлигимиз ва қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган севги қиссаларию, валс тушишлари, тўй ва маъракаларга ҳаддан зиёд кўп инсонлар таклиф этилиши каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Буларнинг барчаси динимиз нуқтайи назарида исроф деб аталади. Бу ҳолат фақатгина тўй маросимларидагина эмас, балки мусибат бўлган жойларда ҳам бундан ҳам аянчлироқ исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганини кузатишимиз мумкин.
Бу иллатлар жамиятимизни таг-тубидан емирувчи иллатлар бўлиб, бугунги кунда ушбу дабдабабозлик, хашаматбозлик, ичкиликбозлик ва шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак миллиардлаб маблағ нафақат ҳавога совурляпти, балки келажагимизга салбий таъсир қиладиган ишлар учун сарф қилаётганлигимиз аён бўлади. Шу маблағларни фарзандларимизнинг илму-маърифат ҳосил қилишлари учун, уларни касби-ҳунарли қилиш учун, ишлаб-чиқариш ташкил қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни обод қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби хайрли ишларга сарф қилинса савоб устига савоб ёзилган бўлар эди.
Ажри улуғ ишларга сарф қилинган маблағ, унинг савоби то қиёматгача етиб туриши ҳақида муқаддас манбаларда қайд этилган.
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп жойларида марҳамат қилган. Жумладан, Аъроф сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дея марҳамат қилган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Қуръони каримда исрофнинг мазаммат қилинишига сабаб, Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроққа тортиламиз. Шунинг учун ушбу неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла бандаларини исроф қилмасликка чақиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарори билан тасдиқланган Низом айни муддао бўлди. Бу борада ЎМИ томонидан ҳам тегишли фатво ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди (ЎМИ раисининг 2019 йил 2 октябрь кунги 01А/150-сонли буйруғи, ЎМИ раиси томонидан тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва мароисмларни ўтказиш билан боғлиқ Ислом дини таълимотларига, миллий қадриятларга, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган одатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси”). Ишлаб чиқилган низом, фатво ва чора-тадбирлар режасига биноан вилоят вакиллиги бир қанча ишларни амалга оширди:
“Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан вилоятдаги барча масжид имом-хатиблари, маҳалла муллалари ва отинойилари таништирилди.
Диний соҳа вакиллари томонидан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва мароисмларни ўтказиш билан боғлиқ Ислом дини таълимотларига, миллий қадриятларга, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган одатларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик орасида, марака ва маросимлар ҳамда жума мавъизаларида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
ОАВ, интернет тармоқлари орқали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва мароисмларда содир этиладиган диний-миллий қадриятлар ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик, бидъат ва хурофий одатлар каби ҳаркатларни бартараф этиш юзасидан чиқишлар қилинмоқда.
Тўй ва маросимларда диний мавзуда маъруза ўқиш режалаштирилган бўлса, расмий имомлар, имом ноиблари томонидан маъруза қилиниши ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари томонидан таъминланиши қатъий йўлга қўйилди.
Маълумки, ҳар бир мусулмон банданинг иккинчи мусулмон биродарига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар:
“Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳаққи бор: Қачон унга йўлиқсанг, салом бер; қачон сени (меҳмонга) чақирса, унга ижобат қил; қачон сендан маслаҳат сўраса, унга маслаҳат бер; қачон аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтар; қачон бетоб бўлиб қолса, уни зиёрат қил ва қачон вафот этса, унинг (жанозасига) эргаш”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Динимизнинг таъзия одоби борасидаги кўрсатмаларидан яна бири юртга эҳсон дастурхони ёзиб, савобини вафот этган яқинларига бағишлаш ниятида қилинган маросимларга оиддир. Бундай маросимларни албатта шариат аҳкомларига, аҳли сунна вал жамоат эътиқодига, мазҳабимизда расм бўлган қоидаларга мувофиқ тарзда ўтказиш зарур. Таъзия маросимларини бидъатлардан холи равишда, аҳли илм ҳамда маҳалла улуғлари билан бамаслаҳат, имкон қадар енгил, камтарона, камчиқим ҳолда ўтказмоғимиз мақсадга мувофиқ.
Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди. Маҳалла куй олдида хижолат бўламан деб, қарз олиб ёки борини сарфлаб худойи қилишлик, шариатимизда номақбул иш саналади. Чунки Қуръони каримда:
“Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб айтилган.
Бошқа бир оятида:
“Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди” (Бақара сураси, 286-оят), дейилган. Аллоҳ таолонинг мазкур оятлари мусулмонлар диний маросимларини осонлик билан ўтказишлари ва бемалол ибодат қилишлари учун нозил бўлган.
Мусибатхоналарда пайшанбалик, якшанбалик номи билан қилинаётган, дафндан кейин маълум кун ёки ойни санаб, айниқса, икки ҳайит кунларида ўтказилаётган худойи маросимлари диний китобларимизнинг бирортасида буюрилмаган. Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан, марҳумнинг мероси тақсимлангандан кейин оиланинг иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда худойи қилиб ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Шундай экан, ўтганларимизни йўқлашда фақат таом пишириб улашиш билан чегараланиб қолмасдан кам таъминланган оилалар, бева-бечоралар, муҳтож кишиларни турар жойини яхшилаш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчилик манфаат оладиган ишларни амалга оширишга, доимий равишда уни савоби ўтганларимизга бориб туришини таъминлайдиган ҳолатларга ҳам ўтишимиз керак.
Хайруллоҳ Саттаров – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили ўринбосари
Киритилган вақти: 30/01/2020 13:44; Кўрилганлиги: 1399
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 01:00