Тортишув ва муросасизлик гуноҳи кабирадир
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи ҳаёти дунёда сизга қизиқ туюлади» (Бақара сураси, 204).
Яъни, шундай кимсалар борки, баён қилиш санъати етуклигидан гапираётган гапидан лол қоласан, ҳайратланасан. Лекин улар ёлғончи, мунофиқдирлар. Уларнинг «ҳунарлари» бу дунёдагина ўтади. Охиратда эса қалбларидаги сирлардан бохабар бўлган, ғайбларни билгувчи Зотгина ҳоким бўлади.
Бугунги кунда мана шундай гапдонлар мусулмонлар орасида ихтилоф ва тафриқани келтириб чиқармоқдаки, шу пайтгача ҳамжиҳат бўлган мусулмонлар ўзлари билмаган ҳолда тафриқага бўлиниб қолмоқдалар.
Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ҳидоятда бўлганларидан кейин фақат талашиб-тортишишга берилганлари сабаблигина ҳақ йўлдан оғдилар», дедилар-да, қуйидаги оятни ўқидилар: «Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!» (Зухруф сураси, 58).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон хусусида талашиб-тортишиш куфрдир» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти).
Ривоят қилинишича, кимки хусуматлашаётганда билмасдан туриб тортишса, то тортишувни бас қилмагунча ғазаб остида бўлади.
Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: «Доим хусуматлашиб юришинг гуноҳкор бўлишингга кифоя қилади».
Асарда келганки: «Сизларнинг устингиздаги нарсаларнинг энг қўрқинчлироғи – олимнинг адашиши, мунофиқнинг эса Қуръон хусусида талашиб-тортишишидир».
Аброров Жаҳонгирхон манбалар асосида
Киритилган вақти: 04/02/2022 09:58; Кўрилганлиги: 798
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:03