Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ТИНЧЛИК — ОЛИЙ НЕЪМАТ

 
 

Юртимизга тинчлик ва баданимизга сиҳҳат неъматларини берган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз, бунинг учун чин дилдан Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-санолар ва чексиз шукроналар айтамиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Иккита неьмат борки инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар. Бу тинчлик ва саломатликдир”  деб марҳамат қилганлар.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, мусулмонларнинг Аллоҳ таоло буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун, халқ бемалол ўзи севган касб билан машғул бўлиб, оиласининг рўзғорини тебратиш учун, қолаверса, давлатнинг ривожланиши ва фарзандларнинг ўқимишли, зиёли бўлишилари учун тинчлик осойишталик лозим. Шунинг учун Расулуллоҳ с.а.в. дедилар:

 “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: “Кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал ҳаётлик вақтни”

Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан, аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таьлим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неьмат- тинчлик боисидандир.

Тинчликнинг қадрига етиш деганда- оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, муомаламизни ривожлантирайлик, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва ҳакозо эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маьно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.

ҲИКОЯТ: Олдинги замонларнинг бирида Аллоҳ таоло бир пайғамбарга ваҳий юбориб дебди: “Фалончи икки умматингга бориб айт (улар иккаласа эру хотин экан) бундан кейин улар 60 йил яшайдилар. Шу қолган ярми умрини фароғатда, ярмини машаққатда ўтказишади. Улар танлашсин аввал машаққатни танлашадими ёки фароғатними?” Шунда пайғамбар бориб ўша эру хотинга илоҳий ҳукмни айтиб берибди ва танлашлик ихтиёрларини ҳам тушунтирибди. Эри хотинига маслаҳат солибди: “Хотин, аввал машаққатни танлайлик, чунки ҳозир бизлар ёш ҳар қандай машаққатни кўтара оламиз, эрта қариганимизда мазза қилиб кейин фароғатда яшаймиз” дебди. Хотини: “Йўқ, аввал енгилликда яшайлик, чунки хайрли ишлар қилиб қоламиз, кейин қолган умримизда қариндошлар, қўни қўшнилар ёрдам бериб қолар” дебди. Хуллас эр хотинининг гапига рози бўлибди. Улар аввал осон ҳаётни танлашибди. Шундай қилиб уларга Аллоҳ таоло аввал енгил ҳаётни насиб қилибди. Ҳар куни хотини эрига: “Дадаси туринг энди қолган умримизнинг 30 йили фароғат эканлигини биламиз шунинг шукронасини адо этайлик кейин машаққатда адо этолмаймиз”, деб улар иккаласи ҳар куни Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукронаси адо қилиб келдилар. 30нчи йилнинг охирги куни яқинлашганида эр хотинига: “Хотин, энди бундан буёғи фақат машаққат бўлади, бунга тайёр бўлайлик ва қолган умримиз бир биримизга суянчиқ бўлайлик”, деб насиҳат қилди. Эртаси куни, яъни машаққатли умрнинг аввалги куни ҳам аввалгидай ўтди. Шундай қилиб, ойлар ўтди йиллар ўтди-ки худди олдинги умрдек фароғатда, эру хотин бориб пайғамбардан сўрашибди: “Ахир бизлар қолган ярми умримизни Аллоҳ таоло машаққатли қилган бўлиши керак эди-ку, нима учун қолган умримиз ҳам аввалгидек ўтаяпти ёки бизлар санада адашдикми?” Пайғамбар икки ракаат намоз ўқиб Парвардигордан илтижо қилиб сўрабди, шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига ваҳий юбориб: “Улар фароғатдаги умрида менга ҳар куни шукр қилишди, шунинг учун Мен уларнинг қолган умрини ҳам фароғатли қилиб қўйдим. Кимики Менга шукр қилса неъматимни зиёда қиламан”, деб марҳамат қилибди.

“Роббингизнинг (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”[1]

Юртимизни тинч, ҳаётимизни осуда, халқимиз ҳаёти фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб қоламиз.

А.Муродов

Самарқанд вилояти Булунғур тумани “ОЛАМОН” жоме масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 22/09/2023 11:25;   Кўрилганлиги: 630
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/tinchlik-oliy-nemat
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 09:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг