Тавба ҳам – ибодатдир
Динимиз ҳақиқий маънода инсопарвар ва раҳм-шавқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Шунинг учун Аллоҳ толо бандалари билиб-билмай хатога йўл қўйганда уларни тавба қилишга чақирди: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).
Мўмин-мусулмон киши барча гуноҳлардан тавба қилиши вожиб бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни чин тавба қилишга тарғиб қилди: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Чин тавба – дарҳол гуноҳдан тўхташ, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилишдир.
Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб этилган. Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор.
Қуръони каримда гуноҳлардан тавба қилмаган кишиларни “золимлар” деб аталган: “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
“Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг тавба қилиши ва истиғфор айтиши гуноҳ сабабидан эмас. Чунки у зот соллалоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан покдир. Лекин пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам камтарлик қилиб, Аллоҳ таолонинг азаматига лойиқ бандачилик қилолмадим деб ҳисоблаганлари учун тавба қилганлар. Яна бу ҳадисда умматларини тавба ва истиғфорга қизиқтириш ҳам бор. Зеро гуноҳлардан пок зот бир кунда юз марта тавба қилган бўлсалар, гуноҳкорларнинг ҳоли қандай бўлиши керак?
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг бир водий тўла олтини бўлса иккита (олтин тўла) водий бўлишини хоҳлайи. Одамнинг оғзини фақат тупроқ тўлдиради. Аллоҳ таоло тава қилганларнинг тавбасини қабул қилади”,-дейдилар (Имом Бухорий ривояти).
Келинг азизлар, бошимизга тушиб турган бу синов, мусибат кунларда ҳам, нафл рўзаларини тутиб, ибодатларимизни зиёда этайлик. Савобли амалларни кўпроқ бажариб, тавба ва истиғфорда бўлиш орқали Роббимизнинг суюкли бандалари қаторида бўлайлик!
Раҳмонов Абдуқаюм - Ургут туман “Абдуқаҳҳор” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 08/04/2020 10:52; Кўрилганлиги: 1393
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:50