Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Тасаввуфда адашманг!

 
 

Тасаввуф, сўфийлик – исломда инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчи таълимот. Тасаввуф сўзининг ўзаги ва мазмуни ҳақида олимлар турли фикр ва тахминлар билдиришган. Улар ичида Ибн Халдуннинг фикри тўғрироқ деб эътироф этилган. У “Муқаддима” асарида: “Тасаввуф “суф” яъни “жун”, “пўстин” сўзидан олинган бўлиши керак, зеро қадимдан таркидунё қилган зоҳидлар жундан тўқилган кийим ёки пўстин кийиб юришни одат қилганлар ва бу билан улар башанг кийиниб юрувчи аҳли дунёлардан фарқли ҳаёт тарзини ўзларида намоён этганлар,” дейди. Тасаввуф ва сўфий сўзлари IХ асрнинг бошларида яшаган Абу Ҳошим Сўфийдан бошлаб жорий этилган. Ундан олдинги даврларда бу атама ўрнида зуҳд,зоҳидлик, таркидунёчилик, тақводорлик, парҳезкорлик каби сўзлар ишлатилган.

Кейинчалик тасаввуф ривожланиб, фан сифатида шаклланди ва ўзига хос истелоҳлар ишлаб чиқилди. Масалан, тасаввуф илмидан сабоқ берувчи шахс - шайх, муршид, пир, эшон, хожа, мавло, мавлоно, махдум каби унвонлар билан танилган. Тасаввуфдан сабоқ олувчи шахс - мурид, солик, аҳли дил, аҳли ҳол, мутасаввиф каби номлар билан аталган. Тасаввуф бўйича олий мақомларга эришган соҳибкаромат пирлар - валий, авлиё, қутб, ақтоб, автод, чилтон, абдол, аброр, аҳрор, нужабо, нуқабо, сиддиқ, ғавс  дейилган. Тасаввуф аҳли баъзан ошиқ, фақир, ҳақир, дарвеш, қаландар, зоҳид, ориф, девона, аҳли муҳаббат, аҳли сулук, рижолул ғайб, гадо каби атамалар билан ҳам ифода этилган.

Тасаввуф тариқатларининг инсоният маънавиятини юксалтиришга қўшиб келаётган беназир ҳиссаси бутун дунё халқи томонидан эътироф этилсада, баъзан ислом оламида тасаввуфга салбий назар билан қараш, унинг тариқатлари, машойихлари ва кароматларини инкор этиш кўзга ташланади. Бурҳониддин Биқоийнинг “Тасаввуф инқирози”, Абдураҳмон Димашқийнинг “Нақшбандия таҳлили” китоби ва бошқа китобларда тасаввуфнинг барча тариқатлари ва уларга доир асарлар ҳамда машойихлар қаттиқ танқид қилинган. Азиз авлиёларнинг мақбара ва мозорларини зиёрат қилиш ширк деб саналган. Ваҳоланки, уларнинг бу даъволари шаръан асоссиздир.

Тасаввуфнинг мақсади қалбни поклаш бўлиб, юксак одоб-ахлоқни тарғиб қилади. Тассаввуфдаги инсон тарки дунёчилик қилмайди, замон билан ҳамнафас яшаб, керак бўлса жамиятга энг фойдали бўлган касб ва илмларни эгаллаб, тили зикрда, ақли илмда ва қўли ҳунар билан банд бўлади, дунёқараши кенг инсон ҳисобланади.

Баъзи адашган тасаввуфдаги тоифалар, динда ғулувга кетганини кўрамиз. Илм олишда сусткашлик, фарзандларни таълим муассасаларида ўқитмаслик, касб-корни ташлаб, пир деб билган инсонининг суҳбати ва ёнида бўлиши, жамоат ишлари ва тадбирларида иштирок этмаслик, ўз пирига “қўл бермаган”ларни адашганликда айблаш, турли урфга кирган замонавий кийимларни киймасликка тарғиб қилиш каби қарашлар тасаввуфдаман деган инсонларнинг нотўғри ишларидир.

Доимо илм олиб, замондан хабардор бўлиб, баъзи илмсиз кишилар фикрига қўшилиб, тасаввуфда адашиб қолманг!

С.Мирзаев
Самарқанд шаҳар "Шохи Зинда" жомеъ масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 08/09/2023 15:15;   Кўрилганлиги: 653
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/tasavvufda-adashmang
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг