Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Тарбияда,рўзғор ишларида ота-она ибрати

 
 

Исломда фарзанд тарбияси ҳали бола дунёга келмасидан олдин бошланади.Фарзандларини чинакам имонли,солиҳ,диёнатли қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун имони бут,солиҳа,диёнатли,инсофли,гўзал ахлоқли она танлаб олиши керак.Бу иш бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир.Фарзанд туғилиши билан бу улуғ неъмати учун Аллоҳ таолога кўп мақтов ва шукроналар айтиш,ушбу хурсандчиликни бошқалар билан баҳам кўриш,боланинг қулоғига азон айтиш,унга чиройли,маъноли исм қўйиш,биринчи кунданоқ уни ҳалол йўл билан ризқлантириш ҳамда гўзал одоб бериш  фарзанд тарбиясидаги асосий талаблардандир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар:

“Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди”. (Термизий ривояти)

Ота-она тарбиясининг аҳамияти ҳақида жаноб Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган:”Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади,лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам,насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”(Имом Бухорий ривояти).

Фарзанд ота-онанинг сиридир.Фарзанд учун ота-она ибратдир.

Шу ўринда дунёга машҳур тасаввуф шайхларидан бирининг оналари ўз фарзандини тарбиялаб вояга етказишда қандай йўл тутгани ҳақида танишамиз.Сўфийликнинг машҳур шайхларидан Абдулқодир Ғилоний(раҳимаҳуллоҳ)бундай ҳикоя қилади:”Болалигимдан мени тўғрисўз ,ростгўй бўлишга ўргатишган эди.Бир куни Маккадан чиқиб,илм олиш мақсадида Бағдодга борадиган бўлдим.Онам йўл харажатлари учун қирқ динор пулни чопоним қатига тикиб берар экан,мендан ҳеч қачон,ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапирмаслик ҳақида ваъдамни олди.Карвон билан Ҳамадон ўлкасига етганимизда қароқчилар тўдаси ҳужум қилиб,карвондагиларнинг борбудини тортиб олди.Қароқчилардан бири:”Сенинг ниманг бор?”деб сўради.Мен:”Чопоним қатида қирқ динор олтиним бор”,деб рост гапирдим .У мени тўда бошлиғига олиб борди.Бошлиқ :”Ростини айтишга сени нима мажбур қилди?”деб сўради.

Мен:”Онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмайман,деб ваъда берганман”,дедим.

Шунда қароқчилар бошлиғини бирдан қўрқув босди.У қичқирганича ушбу сўзлар билан ўз кийимларини йирта бошлади:”Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб,олтинларингни кўрсатяпсан,мен эса Аллоҳга берган ваъдамни бузишдан қўрқмаяпман”.

Кейин у одамларига барча тортиб олинган нарсаларни қайтариб беришни буюрди ва:”Мана,сенинг ҳузурингда гуноҳларим учун Аллоҳга тавба қиляпман”,деди.Бошқа қароқчилар ҳам унга:”Сен талончиликда бизнинг тўдабошимиз эдинг,энди тавба қилишда ҳам раҳнамойимиз бўл!”дейишди.

Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан ота-онасидан  ўрганади.Улардан ибрат олиб,уларга тақлид қилиб,ҳаётий тажриба орттира боради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ булсангиз-у,боланигизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман деб ўйласангиз,хато қиласиз.

Бу борадаги ажойиб ривоятларни ҳам кўп эшитгансиз:”Бир йигит отасининг соқолидан тутамлаб ураётганига маҳалла-кўй шоҳид бўлиб,қаттиқ изтиробга тушибди,”инсон фарзанди отасини ҳам урадими”,деб қайғу чекибди.Шунда кўпни кўрган бир отахон:”Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади,ҳозир хўрлик кўраётган киши ёшлигида отасининг соқолидан тортиб худди ҳозиргидай урган эди.Мана энди ўзига қайтди”,деган экан”.

Қайтар дунё деган гап бор.Фарзандлармизга тарбияда,рўзғор ишларида ўзимиз ибрат,ўрнак бўлишимиз лозим.         

 Н.Хидиров  Жомбой тумани "Кўк тўнли бобо" жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 04/12/2021 08:46;   Кўрилганлиги: 958
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/tarbiyadarozgor-ishlarida-ota-ona-ibrati
Чоп этилган вақт: 04/11/2025 07:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг