Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Тараққиёт кушандаси

 
 

Бугунги кунда  юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқлар ва ислоҳатлар  замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.

Дунё миқёсида халқаро терроризм авж олишининг  бир сабаби, уни қўзғатувчи омиллардан бири наркобизнесдир. Наркобизнес ҳам халқаро терроризм билан эгизакдир. Ундан манфаатдордир ва уни юзага келтирувчи омиллардан биридир. Терроризмнинг амал қилган тамойили аҳоли ўртасида вақти-вақти билан “қўрқинч солиш”,  шу асосда ўзининг ғаразли мақсадларига эришишдир.

   Шу каби иллатларни бартараф этувчи қудратли воситалардан бири бу инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик, бунёдкорлик ва шунингдек, миллий ва диний қадриятлардир.
Ислом динига эътиқод қилувчи Марказий Осиё халқлари асрлар оша бошқа дин вакиллари билан аҳил яшаб, оламшумул қашфиётлар қилиш ва умумжахон тамаддунига беназир ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлдилар. Бошқача айтганда, динлараро бағрикенглик, уйғунлик бунёдкорликнинг қудратли манбаи эканлигини амалда исботлаб келдилар.

       Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда.Бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида номаълум гуруҳлар сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшлар муайян қисми ёт оқимларни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар  инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб, қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофирга чиқариш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган  мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан  иборат.

         Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, ниқоб остидаги кишилар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, эркакларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиҳ  ишларга қўл ураётгани гувоҳи бўлмоқдамиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин ҳиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳақини бермаган киши”.

 Баъзи адашган  ёшларимиз одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?

     Бугун уммат ундайларга эмас, тинчликни тарғиб қилаётганларга, ўз юрти уламоларига қулоқ солишни айтаётганларга, ватанни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини уқтираётганларга эргашиши лозим. Бутун дунёни ватанпарварлик қутқаради! Умматнинг нажоти бугун ҳамжиҳатликдадир!

          Афсуслар бўлсинки, ҳозирги вақтда ўз ота-онаси, фарзандларидан, қолаверса ўз Ватанидан  воз кечиб, ўша террористик гуруҳларга қўшилган юртдошларимиз йўқ эмас. Уларни “юртдош”, “ватандош” дейишга ҳам уяласан киши.

Азизлар! Ватанимиз йилдан-йилга, кундан-кунга ривожланиб, обод бўлиб бормоқда. Мана шундай юртда яшаб, унинг учун хизмат қилиш, ҳар бир ақли расо Ватандош учун шараф. Бунинг учун Яратганга беҳисоб шукрлар айтишимиз керак бўлади. Ҳа, азизлар, Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилсак, албатта Аллоҳ бизларга ўз неъматларини зиёда қилади.

О.Назаров, Пастдарғом туман имом хатиби


Киритилган вақти: 04/07/2020 11:52;   Кўрилганлиги: 927
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/taraqqiyot-kushandasi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 01:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг