Таълим ва тарбия бир-бирига боғлиқдир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсониятни ер юзини обод қилиш учун яратган. Демак, у ўзининг вазифаларини адо этиши учун ҳар тарафлама комил ва етук бўлиши керак. Бунинг учун эса инсонда аввало тарбия яъни одоб ахлоқни шакллантириш лозим, ундан кейин таълимга йўналтирилса албатта меҳнат ўз самарасини беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни яхши кўринглар, одобини чиройли қилинглар”- деб, бошқа бир ҳадисларида эса “Илм ўрганиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”- деб марҳамат қилганлар.
Таълим ва тарбиянинг ўртасида очиқ-ойдин фарқ бор. Таълим, тарбиянинг бир жузи ҳисобланади. Тарбия эса таълимни ўз ичига олади. Демак, тарбия ўз-ўзидан маълум бўлади-ки таълимга нисбатан мукаммал ва кенг қамровлидир. Жумладан Абдулла Авлоний “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобида бундай келтиради: “Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни, оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш тарбия билан бўлур. Қуш уясида кўрганини қилар”. Мана шу ҳикматли сўзларни ўзи ҳам тарбияни қанчалик муҳимлигини ва фарзандни жамиятда комил шахс бўлиб шаклланишида ота-она ҳамда устоз мураббийларнинг вазифасини баён қилмоқда.
Тарбиянинг муҳимлиги ҳақида Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.
Агар таълимни тарбиядан ажратиб қўйилса, таълим чўлоқ бўлиб қолади. Ваҳоланки тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга жуда яхши маълум. Аммо бугунги кунда аксарият кишиларимизга ана шу ҳакикатни айтсангиз сизга: “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги ”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...” каби моддий муаммоларни рўкач қилишади. Аслида, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас. Унинг учун жон куйдириш шарт. Мол дунё кийим кечакка ҳирс қўйиш дардидан фориғ бўлиб, тарбия билан шуғулланиш керак.
Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия эса маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.
Рафаэл Равшанов - Нуробод тумани бош имом хатиби
Киритилган вақти: 18/08/2020 09:22; Кўрилганлиги: 1223
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:35