ТАКФИР ТУШУНЧАСИ
Аввалам бор, бу иборага тўхталадиган бўлсак араб тилидаги “куфр” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “инкор қилиш”, “тан олмаслик” – деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса икки маънони билдиради. Биринчи маъноси Аллоҳ ва унинг расулига итоатсизлик қилиш. Иккинчи маъноси берилган неъматларни инкор қилиш, яъни ношукурчилик қилишдир.
Қуръони каримда куфр лафзи бир неча маънони англатади. Баъзи оятларда куфрдан мақсад, кишини ислом динидан чиқарадиган куфр бўлса, баъзи оятларда эса кишини ислом динидан чиқарадиган куфр эмас, балки чеклов ёки тўхтамларни ўз ичига олади.
Бир киши куфрга мажбурланса ва у ўз жонини сақлаб қолиш учун куфр лафзини айтса, лекин қалби иймонда бўлса мажбурланганлиги учун уламолар унга гуноҳ бўлмаслигига, у киши ҳақида “кофир” деб ҳукм чиқармасликка ижмо қилганлар.
Ҳозирда баъзи ақидаси бузуқ оқимлар томонидан иймоннинг асл шартларини билмасданўзларини “такфир” тушунчалари билан кўп мусулмонларни кофирга чиқармоқдалар. Гўёки киши қилган гуноҳи кабира сабабли кофир бўлади деган даъволарни ва ғояларни кўндаланг қилмоқдалар.
Агар киши гуноҳи кабира сабабли кофир бўлганда эди, гуноҳларни бу ўғрилик, бу зино, бу рибо, бу йўлтўсарлик ва ҳоказо деб ажратиб кўрсатмас эди, ваҳоланки бу гуноҳлар сабабли диндан чиқиб кофир бўлди деб ҳукм қилинган бўлар эди.
Шу сабабдан ҳам уламоларимиз ўзга шахсларни “куфр”га чиқаришдан огоҳлантириб қаттиқ қайтарганлар.
Ҳазрати Умар р.а. ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз с.а.в. айтадилар: - “Агар киши биродарига “Эй кофир”- деса у сўз иккисидан бирига қайтади.
Жумҳур уламолар иттифоқига кўра “аҳли қибла” бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.
Мазхаб бошимиз Абу Ханифа р.а. ўзларининг “Фиқҳ-ул Акбар” номли китобларида келтирганлар: “Бирор бир мусулмонни гуноҳи сабабли, агарда ўша гуноҳи кабира бўлса ҳам, мадомики ўша гуноҳни ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз. Ундан Иймон исмини кетказмаймиз ва уни ҳақиқий мўъмин деймиз, фосиқ мўъмин бўлмоқлиги жоиздир, лекин кофир эмас”-деганлар.
Хаворижлар ва уларнинг издошлари киши гуноҳи кабира қилганлиги учун кофир бўлади – дейишади.
Исломда –Шаҳодат калимаси бўлиб, у билан инсон мусулмон бўлади.
Абу Зарр р.з.дан Пайғамбаримиз с.а.в. айтадилар:- “Умматимдан бирор киши Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаган ҳолда вафот этса, жаннатга киради”-деганлар. (Имом Бухорий)
Хулоса қилиб имом Таҳовийнинг сўзларини келтирамиз: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”.
Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим. Аллоҳ охиратда хоҳласа азоб беради, хоҳласа нажод беради.
Тойлоқ туман “Гадойқушчи” жоме масжиди имом хатиби Ибодуллоев Иброҳимхон.
Киритилган вақти: 04/12/2021 11:36; Кўрилганлиги: 864
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 17:58