СУННАТНИ МАҲКАМ ТУТИБ, БИДЪАТДАН САҚЛАНИНГ!
Аҳли суннат вал жамоанинг барча иши Қуръон ва ҳадис устига қурилган. Бу энг мустаҳкам аслдир. Улар бидъатчиларнинг қилган ишларини кўрсатиб келган. Сўнг суннатни маҳкам ушлаш ва бидъатларни инкор қилишга Қуръон ва ҳадисдан далил келтирган. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бу борада кўп китоблар ёзган ва уларда шиа, хавориж, жаҳмийя, мўътазила кабиларнинг иймон эътиқоддаги бидъат сўзларини инкор қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бизнинг замонамиз орасида кўп вақт ўтганлиги, илмсизлик, бидъатга чақирувчилар кўпайгани ва ғайридинга тақлид килиш кучайиб кетгани сабабли жуда кўп бидъатлар мавжуд. Шунинг учун ҳар доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам тутиш лозим.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 103-оятида: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”, деб марҳамат қилган. Ояти каримада ислом уммати учун давони икки ҳолатда жамлаган: Қуръони карим ва Пайғамбаримиз суннатларида ифодаланган илоҳий ваҳийнинг ҳидояти бўлган Аллоҳ таолонинг арқонидан маҳкам ушлашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда қилган хутбаларида шундай дедилар: “Шайтон ўзига ибодат қилинишидан сизларнинг бу ерларингизда умиди сўнди. Лекин бундан бошқа сизлар кичик ҳисоблайдиган ишларда унга итоат қилинишидан умиди бор. Энди эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман: Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати! Уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсиз!”. Демак, Қуръон ва суннатни маҳкам тутсак ҳеч қачон адашмас эканмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу ҳадиси шарифларидан суннатни инкор қилаётганларга раддия борлигини ҳам гувоҳи бўламиз. Улар бу ҳадисни инкор этар, аммо биз бунга иймон келтирамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?” деди. У зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамнинг жаннатга кириши унинг у зотга итоат қилишига боғлиқ эканлигини таъкидламоқдалар. Умматимнинг киришдан бош тортганларидан бошқа ҳаммаси, албатта, жаннатга киради, демоқдалар. Бундан ажабланган саҳобалар, жаннатга киришдан бош тортган одам ҳам бўладими, деганларида, у зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатдан бош тортиш жаннатга киришдан бош тортишга баробарлигини маълум қилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш у зотнинг Суннатларини маҳкам тутиш билан бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилмаган одам эса у зотга осий бўлар экан.
Суннатни маҳкам тутмаслик, уни секин йўқотишга олиб боради. Натижада бидъат-хурофот юзага келади. Унинг гуноҳи катта гуноҳлардан-да хатарлидир. Чунки гуноҳкор фақат ўзига зарар етказиши ва тавба қилиши ҳам мумкин. Аммо суннатнинг йўқолиши ва ўрнига бидъат пайдо бўлиши бутун бир жамиятни бузади.
Бидъат суннат амалларининг йўқолишига олиб келар экан, бунга жуда ҳам эътиборли бўлиш ва уни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Суннатдан узоқлашиш инсонни Аллоҳдан узоқлаштиради, зеро, суннат динимизнинг таянчидир.
Абдуҳалим Муҳиддинов
Самарқанд тумани "Хўжа Аҳрорий Валий" жоме масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 28/08/2023 16:57; Кўрилганлиги: 654
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 23:13