Суннат ва ҳадисларга амал қилганларнинг ишлари тўғри, ўзлари нажотда бўлади
Ҳозирги кунда аксар кишилар диний маърузаларни аудио ҳолатда тинглашни хуш кўришларига гувоҳ бўламиз. Баъзилар видео суҳбатлардан ҳам баҳраманд бўлишади. Бу ҳолатлар ҳам албатта уммат учун манфаатлидир. Илмнинг асосий манбаи бўлган китобларни мутолаа қилиш эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан кўра кам эканлигини кўришимиз мумкин. Майли, асосийси илм ва маърифатни қайси манбадан бўлсада эгаллашдир.
Аммо сўнги вақтларда илм ҳосил қилиш йўлида бироз саёзини танлаётгандекмиз. Мисол тариқасида айтишимиз мумкинки, исломнинг асл манбалари бўлган Қуръони карим ва ҳадис шарифларни ўрганишга бўлган эътибор камайиб кетгандек. Эшитувчилар аксар ҳолларда жойдори тилда, ҳаётий мисоллар, баъзида қаттиқ оҳангда ва ҳатто қўполлик, ҳақорат сўзлар билан айтилган маърузаларни тинглашни хуш кўришларига гувоҳ бўламиз. Ояти карима ва ҳадис шарифларнинг изоҳи билан йўғрилган суҳбатлар улар учун “зерикарли”, тушуниш қийн мавзу эмиш. Баҳс, тортишувлардан иборат мунозаралар ижтимоий тармоқ орқали жонли узатилганда кузатувчилар сони жуда кўп бўлгани, қачонки диний-маърифий суҳбат ва дарслар бошланганда кузатувчилар сони кескин камайиб кетган ҳоллари кузатилгани таъкидланмоқда. Кечаги суҳбатни эшитдингми, роса қизиди. Анча тортишув бўлди, фалончи бофлади, деб бир бирлари билан фикр алмашаётганларни кўриб қоламиз. Агар уларга диндан қанақа масала ўргандинг, қайси гаплар сенинг эътиқод ва тақвойингни яхши томонга ўзгаришига сабаб бўлди, деб савол берсангиз ҳеч бир сўз айта олмасликлари аниқ. Бу нимадан далолат, оят ва ҳадислардан, гўзал панду насиҳат ва суҳбатлардан, илм мажлисларидан ва умуман илмдан узоқлашиб бораётганимизга ишорами?!
Яна бир ҳолат. Машҳур алломанинг ташрифи ҳақида эшитган ихлосмандлар у кишнинг суҳбатига ошиқадилар. Қайтганларидан сўнг таассуротларини тингласангиз ҳаммасидан ажабланларли бўлади. Фалончи ҳазрат келдилар, бирга суратга тушишга муваффақ бўлдим, ёнларида турдим, салом-алик қилдим ва ҳакозо таассуротларни тўлқинланиб айтиб юришади. Олимга муҳаббат қилиш, дуосини олиш, уни эҳтиром этиш ҳам фазилатли амал ҳисобланади. Лекин, зиёратига бориб, шунчаки селфига тушиш, кейинчалик бошқаларга бу ҳақда ғурурланиб айтиш орқали фахрланиш ҳеч бир манфаат келтирмайди.
Оят ва ҳадисларга йўғрилган илмий суҳбатлар мажлисларнинг энг аълосидир. Қуръони карим Ислом биносининг асоси, бош дастури ва Ислом шариати, ҳукмлари ва одобларининг биринчи манбаидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари эса Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи асл манбаи ҳисобланади. Бу икки манбанинг ҳам асоси илоҳий ваҳийдир. Ҳадис шарифларнинг мавқеи ҳақида Қуръони каримдан биргина далил келтириш билан кифояланиб қўя қолайлик. Аллоҳу таоло:
“У ҳаводан гапирмас. Бу фақат қилинадиган ваҳийдир” (Нажм, 3)-деган.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан кўриниб турибдики, Суннат, ҳадис шариатимизнинг иккинчи масдари – манбаси ҳамдир.
Қуръони Каримда ушбу маънолардаги оятлар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Суннатнинг Ислом шариати учун иккинчи масдар эканлигига далолат қилади. Бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзлари ҳам алоҳида ва қайта-қайта таъкидлаганлар. У зот бобаракот ўз ҳадисларидан бирида:
“Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир”-деганлар.
Демак, мусулмон киши суннат ва ҳадиссиз ҳаётини тасаввур қилиши мумкин эмас экан.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ: “Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар”, деганлар. Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ эса: “Суннатлар Нуҳнинг кемаси кабидир. Ким унга минса нажот топади. Ким ундан ортда қолса, ғарқ бўлади”, деб айтганлар. Суннат ва ҳадисларга амал қилганларнинг ишлари тўғри, ўзлари нажотда бўлар эканлар.
Имом Бухорий каби зотлар бутун умрларини ҳадис ва суннатларни кейинги умматга етказишга сарф қилган. Бу йўлда қанчадан қанча машаққат чеккан. Қайси шаҳарга бориб, масжидда ҳадис дарси ташкил қилсалар минглаб кишилар ҳадис эшитиш учун йиғилиб келишган. Худди шунингдек, ўзимизнинг юртимизда ҳам шундай ҳолатлар кузатилган. Эндичи, ҳадис зерикарли ва тушиниш қийн бўлиб қолибди.
Ҳишом ибн Ҳишом ибн ал-Ғозий имом Моликдан ҳадис айтишни сўраган, Имом Молик эса шу пайт тик турган эдилар. Шунда имом Молик Ҳишомни йигирма қамчи урдилар. Сўнг унга шафқат қилиб, йигирмата ҳадис айтдилар. Шунда Ҳишом: “Қани энди кўпроқ урганингизда, шу сабабли мен ҳам кўп ҳадис эшитиб олар эдим”, деди.
Салафи солиҳларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг ҳадисларига бўлган муҳаббатлари ва одоблари мана шундай эди. Аллоҳ таоло бизларни ҳам уларнинг муҳаббати ва одоблари билан неъматлантирсин. Омин!
Сарвархўжа Бобоев – Самарқанд шаҳар “Муҳаммад Амин ота” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 21/05/2024 12:05; Кўрилганлиги: 451
Чоп этилган вақт: 22/01/2025 16:41