Сохта салафийлардан биз доимо огоҳ ва хушёр бўлишимиз керак
Бугунги салафийлар ўзларини гўё аввалги “салафлар”га эргашаётганини даъво қилишмоқда. Аслида ҳақиқий солиҳ салафлар давридан кейин яшаган мусулмонларга “салаф” ёки “салафийлар” деб нисбат бериш мантиқан тўғри эмас.
Сохта салафийларнинг ижтимоий хавф-хатарлари жуда кўп бўлиб, бу хавф-хатарлар қуйидагилардир.
Айниқса ёшларни турли ботил ғоялар билан ўз қармоғига илдириб, уларни сафига қўшиб олиш.
Ёки жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратишади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларини, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларни кофирга чиқаришади.
Улар томонидан нотўғри талқин қилинаётган исломий тушунчалардан: «Такфийр», яъни «кофирга чиқариш» тамойили муҳим ўрин тутади. «Такфийр» – мусулмонни имонсизликда айблаш демакдир. Уларга эргашмаган мусулмонларни «кофир», яъни “динсиз” деб асоссиз ҳукм чиқаради.
Ҳадисда унинг хатари ҳақида шундай дейилади: “Агар киши биродарига Эй кофир деса, у сўз иккисидан бирига қайтади” дейилган. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган. Буларнинг фикрича биз куфр давлатида яшаяпмиз бу ердан ҳижрат қилиш керак дейдилар. Лекин буларнинг бу гаплари асоссиздир.
Чунки юртимизда минглаб масжидлар, мадраса ва исломий олийгоҳлар фаолият юритаётган, Қуръони Карим, ҳадислар ва динимизга оид минглаб диний адабиётларлар нашр этилаётган, мусулмонларимиз эмин-эркин ўз эътиқодларини бажариб келаётган мусулмонобод юртни куфрга чиқаришлик оғир гуноҳ бўлиб, бундай ишга қўл ураётганлар чуқур ғулувга кетган ва бошқаларни ҳам гуноҳларига шерик қилмоқчилар.
Аслида уларнинг мақсадлари ёшларимизни алдов йўли билан қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатлардаги жангари лагерларига олиб бориш ва жангу-жадалга ташлаш. Ёшларимиз асло бундай сохта даъволарга учиб охиратини куйдирмаслиги, ота-онаси, оиласи ва юртига хиёнат қилмасликлари лозим.
Азизлар, биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга ҳали Ислом дин борасида кўп маълумотга эга бўлмаган кишиларга “Такфийр” ҳақидаги маълумотларни тўғри ва ҳақиқий маъносини етказиб қўйишимиз кeрак. Шунда ёшлар xавф-ҳатар аслида “Такфийр” сўзида эмас, балки бу сўзни қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканлигини тушиниб етишади.
Маллаев Нодир Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 13/09/2023 08:06; Кўрилганлиги: 750
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:32