Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Сотилмайдиган сут.

 
 

Ривоят қилишларича, бир подшоҳ ёши анчага бориб қолганда ўғил кўрибди. Лекин хотини вафот этиб, фарзанди касалманд бўлиб қолибди. Мамлакатнинг ҳеч бир табиби шаҳзодани даволай олмабди.

Шаҳзоданинг ичи, тиши, қулоғи ва кўзи оғрир эди. Подшоҳ амир ва амалдорларга фармон берибди:

— Шундай табиб чақирингларки, у ўғлимнинг дардига шифо топсин.
Ваҳимага тушган давлат арконлари зўр табиб қидириб юриб, бир чўлга кетиб қолибди. Ярим тунда бир чўпоннинг уйида меҳмон бўлишибди.

Меҳмондорчилик пайтида улар чўпонга подшоҳнинг амр-фармонини айтиб, ғам-андуҳ чекишибди. Даҳлизда боласини эмизиб турган чўпоннинг хотини уларнинг гапини эшитиб қолибди. У эрини чақириб, бир шиша суюқлик берибди ва дебди:

— Мана бу дорини уларга беринг, шаҳзодага ярим қошиқдан ичиришсин, кўзига суртиб, қулоғига икки томчидан томизишсин.
Вазир шишадаги дорини ноумид бўлиб олибди ва ҳамроҳлари билан сарой томон жўнабди. Вазир бориб, подшоҳга бўлган воқеани айтибди.

Подшоҳнинг жаҳли чиқиб, тутақиб кетибди:

— Бу дорига ишонмайман. Борди-ю, ўғлимга бир нима бўлса, мен уни қатл эттираман. Чопарлар бориб, чўпоннинг хотинини саройга олиб келишибди. У уч кун шишадаги дори билан шаҳзодани даволабди. Унинг ичи ҳам, қулоғи ҳам, кўзи ва тишлари ҳам тузалиб, ўзи дармонга кирибди. Подшоҳ ўғлининг тузалганини кўриб, хурсандчиликдан боши осмонга етибди.

— Мен сени нима билан рози қилай? — дебди у чўпоннинг хотинига. — Мол-дунё берайми, ё қаср қуриб берайми?

Чўпоннинг хотини заҳархандалик билан жавоб берибди:

— Менга мол-дунё ҳам, шоҳона қаср ҳам керак эмас, она ҳеч қачон ўз сутини сотмайди.

Оқила хотиннинг бу гапларига қойил қолган подшоҳ унинг пойига эгилиб, таъзим қилибди.

Подшоҳлар онага эгилиб таъзим қилганда, фарзандлар онасини ардоқлаб бошига кўтариб юришга бурчлидир. Ота-онамизни эъзозлаб яшайлик. Ота-онага кўрсатилган меҳр ва эҳтиромнинг, албатта, мукофоти бўлади. Онасини йиғлатганни, ҳеч ким ҳеч қачон кечирмайди. Шуни унутманг!

Ўзга аёлни сути болага шифо бўлишига шак йўқ. Пайғамбаримиз тарихидан буни яхши биламиз. Дўнёни қоил қолдирган саҳобаларни ҳаммаси ва уларни раҳбари бўлган Пайғамбаримиз бегона аёлни сутини эмишган.

Амиров Тўлқин Самарқанд шаҳар "Руҳобод" масжиди имом-хатиби тайёрлади.


Киритилган вақти: 25/11/2021 05:40;   Кўрилганлиги: 27
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/sotilmaydigan-sut
Чоп этилган вақт: 09/12/2021 02:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг