СОЛИҲ АМАЛ НАЖОТГА САБАБ
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ўтган қавмлар ҳаётидан бир лавҳани айтиб бердилар:
"Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди.
Улар бир-бирларига: "Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса", дебдилар.
Улардан бири: "Эй Аллоҳим! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик", деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: "Эй Аллоҳим! Мен амакимнинг қизини жуда қаттиқ яхши кўрар эдим. Бас, ундан (жимоъни)талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз: "Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!", деди.
Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч", деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: "Эй Аллоҳим! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг: "Ҳаққимни бер", деди.
Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб: "Аллоҳдан қўрқ!" деди.
Мен унга: "Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер", дедим.
"Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!", деди.
Мен: "Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер", дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор", деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди".
Бошқа бир ривоятда: "Чиқиб, юриб кетдилар", дейилган.
Имом Бухорий, имом Муслим ва Насаий роҳимаҳумуллоҳ ривоят қилишган.
Агар юқоридаги учта шахс қилган солиҳ амаллар ҳақида тааммул қилсак, уларни бандаларнинг ҳаққига боғлиқ эканлигини кўрамиз. Уларнинг бири ота-онасига яхшилик қилди. Бу унинг гарданидаги ота-онанинг ҳаққидир.
Иккинчиси эса бировнинг обрўсини сақлади. Бу эса инсонларнинг унинг гарданидаги ҳаққидир.
Учинчиси эса мардикорнинг ҳаққини берди. Ишчиларнинг ҳаққини бериш вожибдир.
Эътибор берсак, уларнинг бирортаси намозини, рўзасини гапирмади. Демак, юқоридаги ибодатлар бениҳоя муҳим.
Тасаввур қилинг, сиз уларнинг тўртинчиси бўлганингизда қайси амалингизни тақдим қилган бўлар эдингиз?
Агар сизда шунақанги амалингиз бўлса сиз йўлдасиз. Сабот билан давом этинг.
Агар бундай амалингиз бўлмаса ўзингизни тафтиш қилинг. Ҳисоб-китоб қилинг. Зеро, солиҳ амаллар мусибат пайтида нажотга сабаб экан. Албатта бизга қутилишимиз учун бир тирқиш лозим!
Полвонов Абдукодир Ургут тумани “Ургут марказий” масжиди ходими
Киритилган вақти: 29/10/2021 05:56; Кўрилганлиги: 914
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:50