Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Синовли кунларда сабр қилайлик!

 
 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримиз (с.а.в)га мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. барчангизга маълум бир қанча вақтдан бери бутун дунёни ташвишга солиб турган “КОРОНАВИРУС” деб номланмиш бу бало Ўзбекистонда ҳам ўзининг ташвишлари, хатарларини кўрсатмоқда. Халқимиз бу синовга ҳам сабр ва матонат кўрсатиб, бардош бериб келмоқда. Зеро, бундай синовли кунларда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, бир-биримизга елкадош бўлишимиз айни инсонийлик туйғуларидандир.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай синовли кунларда Аллоҳ таолонинг инсониятга юборган бу балосини енгил санаб, нафақат ўзининг балки бутун оила аъзоларининг соғлиғига беэтибор бўлаётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Мисол тариқасида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳар хил инсонийликка тўғри келмайдиган материалларни келтиришимиз мумкин. Бундай ноинсоний ишларни қилаверсак, бундай кунларга шукр қилиб, сабр қилмасак, Аллоҳ таолонинг қаҳрини келтирган бўламиз биродарлар. Бу борада Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади: “(Эй инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳ)ларни афв этиб турур. (Акс ҳолда, мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди)” (Шуъро сураси 30-оят). Яъни, банданинг бошига келган мусибатга бандадан бошқаси сабабчи эмас. Бу синовли кунларда уйда ўтиришимиз талаб қилинмоқда экан, оила аъзоларимиз даврасида Аллоҳдан сабр ҳамда бу бало юртимиздан ҳамда бутун инсоният бошидан тезроқ аришини сўраб дуолар қилишимиз айни муддаодир азизлар!

Биз диний соҳа ходимлари ҳам мамлакатимиздаги карантин қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан батафсил етказилган топшириқ ҳамда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз ва бугунги имтиҳонли кунлардан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Зеро, Халқимизнинг кўп асрлик тарихидан юртдаги улуғ зотлар, уламолар, ишбошиларга ҳурмат, уларнинг ўгитларига итоат миллий қадрият ҳисобланган. Қолверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ўзларингизнинг ҳақ эканликларингизни билсаларинг ҳам бошлиқларингиз билан тортишманг” – деб марҳамат қилганлар. Биз соҳа вакиллари ҳам юртимизда ўрнатилган қонун-қоидаларга мувофиқ ўз фаолиятларимизни олиб бормоқдамиз. Тўғри, ҳозирда мамлакатимиздаги барча масжидларда жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган. Албатта буларнинг барчаси аввало бизнинг соғлигимиз учундир. Зеро, Ризқнинг энг аълоси саломатлик, офият, хотиржамликдир. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом “Аллоҳдан офият сўранглар”, - деб буюрдилар. Шундай эканлар азизлар, бу синовли кунларга сабр қилиб, Аллоҳ таолодан тинчлик, соғлик-саломатлик ва албатта бу балолар бутун инсоният бошидан тезроқ аришини сўрайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Раҳмонов Абдулло - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 23/05/2020 09:17;   Кўрилганлиги: 972
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/sinovli-kunlarda-sabr-qilaylik
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 14:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг