Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ШИОРИМИЗ ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ – МАЪРИФАТ

 
 

Имони бутун, руҳи пок, иродаси бақувват, виждони уйғоқ одамни асло енгиб бўлмайди. Ана шундай фазилатларга эга бутун бир халқнинг қудратини тасаввур этиш қийинмас. Бугун бизни турли ахборот воситалари, хусусан, интернет сайтларининг хавфи, “оммавий маданият”нинг салбий оқибатлари кўпроқ ташвишга солмоқда.

XXI глобаллашув асрида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун мислсиз кураш бормоқда. Бу кураш, айниқса, ахборот соҳасида авж палласига чиққан. Чунки айни пайтда ушбу соҳа кириб бормаган дунёнинг бирор-бир нуқтаси ёки манзилини топиш мушкул. Лекин барча ахборотни фойдали ва холис деб бўлмайди.

Ёшларимиз ҳаётини ижтимоий тармоқларсиз тасаввур этолмай қолгани кишини мушоҳадага чорлайди, сергак торттиради.

Исроф катта гуноҳдир. Аъроф сурасининг 31-оятида: “У (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди”, дейилган.

Ғўр, эндигина ҳаёт пиллапояларидан одимлаётган ёшларимизни ахборот хуружларидан асраш керак. Уларга нима фойда-ю, нима зарар эканини ўргатиш лозим. Интернетдаги хабарларга кўр-кўрона эргашиб кетавериш оқил одамнинг иши эмас.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Инсоният ХХI асрга ўзининг шу давргача эришган барча ютуқ ва кашфиётлари билан бирга баъзи бир иллатларни ҳам олиб ўтдики, улар ичида умумбашарий огоҳликни тақозо этадигани терроризм ҳам бор.

Терроризм диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга зид бўлгани учун энг оғир жиноят ҳисобланади.

Терроризмнинг ҳар қандай кўриниши, у ўз олдига қандай мақсадни қўйган бўлмасин ва қандай ижтимоий-сиёсий муаммолар билан боғлиқ бўлмасин бузғунчилик ҳисобланади. Террорчилик оқибатида бегуноҳ одамлар қурбон бўлади, халқнинг меҳнати билан яратилган моддий ва маънавий бойликлар вайрон қилинади.

Терроризм том маънода жаҳолатдир. У ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бутун халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирмоқда.

Бугун биз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар кўйиб, тинч осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган жаннатмакон мамлакатда яшамоқдамиз.

Мустақил Ўзбекистонимиз жаҳонга юз тутиб, гуллаб яшнамоқда. Миллий-диний қадриятларимиз халқимизни, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат руҳида тарбияловчи муҳим манбадир. Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари ила жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган халқимизнинг менталитетига зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келишига қарши қаратилган мустаҳкам қалқондир.

Мамлакатимиздаги тинчлик, фаровон ҳаётга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Турли мафкуравий хуружлар, ёвуз ниятли кишиларнинг таъсирларига қарши ақл билан чора кўриш, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан куришишни тақозо қилмоқда.



Ҳ.Темиров - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 29/05/2020 16:10;   Кўрилганлиги: 902
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/shiorimiz-jaholatga-qarshi-marifat
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 04:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг