Шайтонни йиғлатган оятлар
Нозил бўлган вақтида шайтон йиғлаган сура — бу фотиҳа сурасидир. Тобароний «Авсат» да Мужоҳиддан у эса Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилади: «Фотиҳатул китоб нозил бўлганда иблис йиғлади».
Шунингдек,тиловат қилинганда шайтонни йиғлатадиган оят ҳам бор. Имом Муслим ва Ибн Можадан ривоят қилинади: Набий с.а.в айтдилар: Одам боласи сажда оятини ўқиса сўнг сажда қилса, шайтон ундан йиғлаган ҳолда узоқлашади ва шундай дейди: «Эҳ, менга вайл бўлсин одам боласи сажда қилишга буюрилди, бас сажда қилди ва унга жаннат бўлди. Мен сажда қилишга буюрилдим, бас ундан бош тортдим ва менга дўзох бўлди».
Шунингдек, баъзи оятлар нозил бўлганда шайтон йиғлаганлиги ҳақида ривоятлар ворид бўлган. Уларни баъзи аҳли илмлар заиф санашган. Абдураззоқ ва Ибн Ҳарирлар Собит Банонийдан ривоят қиладилар: Менга етдики албатта Иблис мана бу оят нозил бўлган вақтда йиғлади «Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар» (Оли имрон сураси 135-оят)
Ҳаким Термизий Аттоф ибн Холиддан ривоят қилади: Менга етдики Аллоҳ таолонинг «Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар» ояти нозил бўлганда иблис қўшинига қичқирди. Бошини устидан тупроқ сочди. Ўзига вайл ва сабурни тилади. Сўнг унинг қўшини ҳар томондан келиб, нима бўлди сенга эй саййидимиз дейишди. Иблис: «Аллоҳнинг китобида бир оят нозил бўлди. Энди одам боласидан бирортасига гуноҳ зарар беролмайди» деди. Улар: «Қайси оят» дейишди. Иблис уларга оятнинг хабарини берди. Шунда улар: «Биз уларга ҳавои нафс эшикларини очиб қўямиз шунда тавба қилмаслар истиғфор ҳам айтмаслар ва ўзларини доимо ҳақда деб ўйлайдилар», дейишди. Иблис эса рози бўлди.
Албатта ушбу оят нозил бўлган вақтда шайтон йиғлаган. Бу кўплаб тафсир китобларда ворид бўлган.
Ибн Жарир ўз тафсирида Собит Банонийдан ривоят қиладилар: “Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади” ояти нозил бўлганда Иблис бу оятдан қўрқиб йиғлади.
Ибн Масъуддан ривоят қилинади: Бу оят гуноҳ қилганлар учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир.
Ибн Сийрин айтадилар: Аллоҳ таоло бизга бу оятни Бани Исроилга гуноҳлари учун каффорат қилиб берган нарсасининг ўрнига берди. Абул Олиядан ривоят қилинади: Бир киши: Эй Аллоҳнинг росули Бани Исроилда гуноҳларининг каффороти бор эди. Бизники ҳам борми? Набий с.а.в айтдилар: Аллоҳ таоло сизга берган нарса Бани Исроилга берган нарсасидан яхшидир. Агар Бани Исроилдан бир киши хато қилиб қўйса, хатосини ва унинг каффоротини эшигининг устида ёзилган ҳолда топарди. Агар хатосини ювса, унга дунёда шармандалик етарди. Агар хатосини ювмаса, охиратда шармандалик етарди. Дарҳақиқат Аллоҳ сизларга Бани Исроилга берган нарсасидан яхшисини берди. Сўнг бу оятни ўқидилар: “Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади”.
Эргашев Абдулвоси тайёрлади,
ТИИ талабаси
Киритилган вақти: 04/08/2020 19:00; Кўрилганлиги: 966
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 01:33