Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Сахийлик – фазилатдир.

 
 

Динимиз инсонларни доимо саховатли бўлишга ундайди. Мўмин банда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламнинг ваъдалига ишониб, хайр-садақа билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради деб эътиқод қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида: “Ким бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ унинг охиратдаги ташвишларидан халос этади. Ким бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Ким бир мўминнинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини беркитади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади.”, дейилади (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳи алайҳи васаллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, дўззахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқдир, одамлардан узоқдир, жаннатдан узоқдир, дўззахга яқиндир. Аллоҳ таоло учун жоҳил сахий обид бахилдан суюклироқдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Саховатли бўлиш – муносиб нарсани муносиб бўлганга бериш, ўз молидан хеч бир эвазсиз сарфлаш бўлиб, бу чиройли хулқнинг муҳимларидан биридир. Бахиллик эса бунинг аксидир.

Бир киши дўстининг ёнига қарз сўраб келди. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни бериб жўнатгач, уйига қайтиб кирди-да, йиғлаб юборди. Хотини унга: “Бунчалар қийналар экансиз, нега бердингиз?”, деди. Шунда у киши: “Пул берганимга эмас, балки ундан хабар олмай қўйганимга, ҳатто муҳтожликдан қарз сўраб келгунигача ҳолидан ғафлатда қолганимга азобланиб йиғлаябман”, деб жавоб берди.

Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси мол-дунёга ҳожати бўла туриб, қўлидагини бошқаларга беришдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса зарурат бўлган ўринда ҳам ўзига ва аҳлига сарфлашдан бахиллик қилишдир.

Халқимиз орасида: “Хасиснинг ёнидан моли чиққунча, танидан жони чиқади”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, бахил инсон мол-дунёга шунчалар ҳарислиги қариндош-уруғ, ака-укалари, ҳатто фарзандларини ҳам унутиб қўяди.

Барчаларимизни Аллоҳ саховат билан хулқлантириб, икки дунё саодат бахтини насиб қилсин.

Н.Темирова Самарқанд вилояти бош имом хатибиниг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 09/09/2022 09:12;   Кўрилганлиги: 317
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/saxiylik-fazilatdir
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 02:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг