Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Самовий ва арозий бало-офатлардан ҳимояланиш сабаблари

 
 

Барчамизга маълумки бугун бутун дунёда кенг тарқалган коронавирус инфексияси барча инсонларни ташвишга солмоқда. Албатта бу каби кўзга кўринмас бало-офатлар, Аллоҳ таоло томонидан бандаларини имтиҳон қилиш ва инсонларнинг иродаси қандай эканини синаш мақсадида юборилган, десак ҳеч қандай муболаға  қилмаган бўламиз.

Ҳақиқатдан ҳам коронавирус инфексияси (пандемияси) жуда оғир ва катта мусибат мақомига эга эканлиги ҳаммага маълум. Аллоҳ таоло Қуръон каримда мараҳмат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан сингаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, - дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир[1].

Музкур оятлар Аллоҳ таолонинг қудрати буюк эканидан хабар беради. Шунинг учун биз ҳозирги кунда кеча-ю кундуз Аллоҳ таолога тоат ибодат ва сабр тоқат қилиб, бу каби офатлардан Ўзи барчамизга нажот беришини дуо ва тавба-тазарру қилиб ёлвориб сўрайдиган вақти келди.

Бинобарин,  бу каби бало ва офатларни енгиб ўтишнинг ягона йўли, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, Ундан нажот ва шифо сураш, истиғфор айтиш, тавба-тазарру қилиш, шифокорларнинг тавсиясига жумладан тоззаликка ва карантин тартиб қоидаларига қатъий риоя қилиш, уйда  қолиш ва Аллоҳдан соғлик саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик сўраб дуолар қилишдан иборатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бу каби ҳолатларда қандай йўл тўтишимизни кўрсатиб шундай деб дуо қилганлар:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ وَالْجُنُونِ وَالْجُذَامِ وَمِنْ سَيِّئْ الْأَسْقَامِ

“Аллоҳумма инний аъуузу бика мина-л-бароси ва-л-жунууни ва-л-жузаами ва мин саййи’и-л-асқоми”.

Мазкур дуонинг маъноси: “Аллоҳим, Сендан моховлик, песлик, жиннилик ва (барча) ёмон касалликлардан паноҳ сўрайман”[2].

Бинобарин, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда:

بِاسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاء وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيمُ

“Бисмиллаҳиллазий лаа йазурру маъасмиҳи шайун фил арзи ва лаа фис самаи ва ҳувас самийъул ъалийм” – деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, дедилар”. Бу дуонинг маъноси: “Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг исми билан бошлайман. У эшитувчи ва билувчи Зотдир”.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, албатта биз ҳеч ҳам ваҳимага тушмасдан қўрқинчли ва ачинарли хабарларни ўзгаларга юборишдан ўзимизни сақлайлик! Чунки одамлар орасида бундай хабарларни юраги кўтаролмайдиганлари ҳам бор. Биз уларга ёрдам бериш ўрнига аксинча, уларнинг бошқа касалликларини ҳам қўзғатиб юбориб, уларни тушкунликка тушириб қўйишимиз мумкин.

Шунинг учун уйларимизда Қуръон ўқиб ёки эшитиб ўтирайлик, ҳамда тонги ва кечки зикрлар билан ўзимизни ҳимоя қилайлик. Уйимизда шифокорларнинг тавсиясига қатъий риоя қилиб, қўлларимизни доим ювиб турайлик. Зарурат ҳолатидан бошқа вақтларда уйимиздан чиқмайлик!

Кўтаринки кайфиятда бўлишимиз бизга иммунитет тизимини кучайтиришга ёрдам берадиган бўлса, кайфиятингизнинг тушиши эса, иммунитет тизимини заифлаштириб, вирусларга қарши курашолмайдиган қилиб қўяди.

Карантин ва бўш вақтларимизни дунё ва охиратимизга фойдали бўлган нарсалар учун ғанимат билайлик. Мисол учун: Қуръон ўқиш, зикрлар, истиғфор айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиш, таҳажжуд намози, китоб мутолааси, фарзандларимизнинг дарсларига эътибор бериш, оила аҳлимизга ёрдам бериш каби муҳим ишларни қилишдир. Аммо буларнинг барчасидан ҳам муҳими – Аллоҳ таоло ушбу вабо касаллигини албатта кетказишига ва ҳаёт яна изига тушиб кетишига қатъий ишончда бўлишимиздир.

Аллоҳ таолодан ушбу ғамни бу умматдан кетказишини сўраймиз ва ёмонликлардан паноҳ тилаймиз. Албатта, ушбу касалликка чалинганларга тезда шифо беришини, шунингдек, бу касаллик сабабли вафот этган мусулмонларни раҳматига олишини сўраймиз!

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Тошкент ислом университети”. Т.: - 2004.
  2. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
  3. Доктор Муҳаммад ибн Абду-р-Раҳмон Хумаййис. Усулу-д-дин инда-л-имам Аби Ҳанифа. -Ар-Риёз: Дору-с-самъий ли-н-нашр ва-т-тавзийъ, 1428/2007.
  4. Саҳиҳул Муслим асари.
  5. Мифтаҳу-с-саодат. Ж. 2.
  6. Имом ал-Бухорий сабоқлари.

Абдуҳалим Фазлиддинович Муҳиддинов Самарқанд туманидаги “Янги жомеъ” жомеъ масжиди имом хатиби

[1] Бақара сураси 155-157 оятлар.

[2] Абу Довуд, Аҳмад ва Насоий ривоятлари.


Киритилган вақти: 11/08/2020 14:55;   Кўрилганлиги: 1218
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/samoviy-va-aroziy-balo-ofatlardan-himoyalanish-sabablari
Чоп этилган вақт: 10/02/2025 19:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг