Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Самарқанддаги 285 та масжидда таровиҳ намози ўқилади

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Ойларнинг султони бўлган муборак Рамазони шариф бошланмоқда.

Шу муносабат билан кеча давлатимиз раҳбарининг ушбу қутлуғ ойни юртимизда муносиб ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимликларга Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.  

Рамазон ойининг рўзасини тутиш исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилган. Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасида “Эй, иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди”, деган ояти келтирилган. Бу муборак ой мўминларнинг савоб касб қилишларига энг қулай фурсат ҳисобланади. Рамазоннинг рўзасини тутганларга улкан ажр-савоблар, икки дунё саодати ваъда қилинган. Рамазон ойида қилинадиган яхши амалларнинг савоби ҳам шу ойнинг ҳурматидан кўпайтириб берилади.  

Буюк муҳаддис Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Кимки Рамазон рўзасини иймон ила савоб тилаб тутса, унинг олдинги барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. Рўза уни тутувчининг фақат ўзига эмас, балки оиласи, жамияти, бутун инсоният ва қолаверса, барча мавжудотга фойда келтиради. Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган: Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар” (Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар).  

Ушбу ойни ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ савобли ишлар ҳамда хайр-саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор. Ой давомида Қуръони карим хатмида иштирок этиб, улкан савобга эга бўлишимиз, ўзимизни ҳар томонлама ислоҳ этиб, хатоларни тузатиш, ҳасад, гинаю кудрат, хусумат каби иллатлардан қалбимизни мусаффо этиб, ўзимиз учун покиза ҳаёт саҳифасини очишимиз, хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олижаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплашимиз зарур.

Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамияти нақадар аҳамиятли экани барчамизга маълум. Ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда муборак Рамазон ойи муносабати билан вилоятимиз аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш ва қутлуғ ойни муносиб ўтказиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги 285 та масжидда таровиҳ намозлари ҳамда ушбу масжидларнинг 172 тасида хатми Қуръон ташкил қилинмоқда.  

Масжидларда яна бир бор тозалик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ёнғин ва бошқа хавфсизлик чоралари, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Жорий йилги муборак Рамазон ойи диёримизда диний соҳада тарихий ўзгаришлар бўлаётган бир даврда келмоқда. Бу эса барчамиз учун кўпроқ ибодатлар, яхшиликлар қилиш асносида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраб-авайлашга ҳисса қўшишни, доимо шукроналик ҳисси билан яшаб, Аллоҳ таолодан халқимизнинг фаровонлиги, юртимиз равнақини сўраб дуои-хайрлар қилишимизни тақозо этади.  

Барча юртдошларимизни, бутун дунё мусулмонларини муборак Рамазон ойи билан яна бир бор табриклайман. Аллоҳ таоло Исломнинг беш арконидан бири бўлмиш рўза ибодати учун хослаган бу ойни иймон-эътиқод ва хулуси ният билан, ажру савоблардан умидвор бўлган ҳолда ўтказишни, бу ойда қилинган солиҳ амаллар учун ваъда қилинган беҳисоб улуғ мукофотларга ноил бўлишни барчамизга насиб айласин. Рамазон ойи муборак бўлсин. 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,  
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг  
Самарқанд вилоятидаги вакили,  
вилоят бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 01/04/2022 14:54;   Кўрилганлиги: 851
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/samarqanddagi-285-ta-masjidda-tarovih-namozi-oqiladi
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 17:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг