Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Самарқанд - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ

 
 

 Айни  дамларда мамлакатимизда, хусусан, кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон бугунга қадар жами ШҲТ саммитларига уч маротаба мезбонлик қилган бўлса, барча анжуманлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган. Бу сафарги саммит “Буюк ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган азим ва улуғвор Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда.

Самарқанд нафақат мамлакатимиз балки дунё илм-фани, маданияти, тарихи учун беқиёс ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан юрт ҳисобланади. “Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган”, — дея ёзади президент ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида. 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур саммитда 14 давлат етакчиси, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, дунёнинг кўзга кўринган эксперт ва таҳлилчилари, сиёсатшунослар иштирок этаётир. Бу эса мезбон мамлакат учун фахр ва ифтихор бағишлаш билан бирга катта масъулиятни ҳам талаб этади.

Бу галги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси Янги Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши барчани диққат марказини тортмоқда. Шунинг учун ҳам муҳтарам Юртбошимиз ўз мақолаларида “Самарқанд руҳи” – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси”дея аниқлик киритдилар.

Биламизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унинг саммитлари 2004, 2010 ва 2016 йилларда Тошкент шаҳри мезбонлигида ўтказилган эди.

Бугун тўртинчи бор, аввалгиларидан ўта фарқли, оламшумул аҳамиятга эга. Президентимиз таъбирлари билан айтганда бу саммит “Башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр” да Янги Ўзбекистон раислигида ўтказилмоқда. Саммит ишида ташкилотга аъзо 8 та мамлакат – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги 3 та кузатувчи давлат  – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этишлари кутилмоқда.

Ўзбекистон бугунга қадар жами ШҲТ саммитларига уч маротаба мезбонлик қилган бўлса, барча анжуманлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган. Бу сафарги саммит “Буюк ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган азим ва улуғвор Самарқанд шаҳрида ташкил этилмоқда. Самарқанд нафақат мамлакатимиз балки дунё илм-фани, маданияти, тарихи учун беқиёс ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан юрт ҳисобланади. Ушбу шаҳар Амир Темур бобомиз асос солган салтанатнинг пойтахти сифатида кўп йиллар марказ вазифасини ўтаганлиги барчамизга маълум. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бугунги Самарқанд шу каби йирик анжуманларни ташкил қила олиш ва ўтказиш салоҳиятига эга. Давлат раҳбари Самарқанд ўн тўртта мамлакат етакчиларини ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр эканини билдирган.

Аллоҳ таоло манашундай савоби улуғ ишлар ва эзгу дуолар баракотидан мазкур нуфузли саммитда қабул қилинадиган қарор ва имзоланадиган келишувлар дунёда тинчлик ҳукмрон бўлиши, халқ ва миллатларнинг фаровон яшаши, шу жумладан, Ватанимиз тараққиёти бунданда ривож топишига сабаб бўлсин.

Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида


Киритилган вақти: 15/09/2022 17:10;   Кўрилганлиги: 42
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/samarqand-shanxay-hamkorlik-tashkiloti-tarixida-muvaffaqiyatning-yana-bir-sahifasini-ochishiga-shubha-yoq
Чоп этилган вақт: 28/09/2022 15:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг