Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Самарқанд дунё халқларини бирлаштирган чорраҳадир

 
 

Самарқанд дунёдаги энг қадимги шаҳарлардан биридир. У археологик маълумотларга кўра милоддан аввалги VIII асрда ташкил этилган. 2000 йилдан ортиқ вақт давомида бу шаҳар Хитой ва Европа ўртасидаги Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқтаси, шунингдек, Ўрта аср Шарқидаги илм-фаннинг асосий марказларидан бири бўлган. Тарихий обидаларга бой Самарқанд Ўрта Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан биридир. 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” деб эълон қилинди. 2007 йилда эса шаҳарнинг 2750 йиллик юбилейи нишонланди. 

Цивилизацияга ҳар жиҳатдан муносиб улуш қўшган муборак гўша халқаро анжуманларга мезбон сифатида ҳам танилмоқда. Айни пайтда муҳим сиёсий анжуман, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарлари кенгашига ҳам мезбонлик қилмоқда.

Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь, Мўғулистон ва Эрон етакчилари иштирок этади.

Фахрий меҳмон сифатида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.

Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлса. “Меҳмон – отангдан улуғ”, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан”,  “Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема” каби мақол ва ҳикматлар бежизга айтилмаган.

Ҳадиси шарифларда ҳам меҳмонни иззат қилиш, меҳмоннавозлик ажри улуғ амал эканлиги таъкидланган. Абу Шурайҳ ал-Каъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин” (Абу Довуд ривояти), деганлари ривоят қилинган. 

Иброҳим (алайҳиссалом) чиройли меҳмон кутишда, ҳусни зиёфатда зарбул-масал этилганлар. Ривоятларда келишича, у киши уйларига қўққисдан бирор меҳмон келишига интиқ бўлиб яшардилар, ва бирор кун ҳам меҳмонсиз таомланмас эдилар. Агар хонадонларига меҳмон келиши узилиб қолса, бу ҳолатдан маҳзун бўлардилар. Шу сабаб ҳам ул зотни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. Шунингдек, у кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, дея қараб ўтирар эдилар.

Меҳмондустлик ажойиб ҳислат бўлиб, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳизмат қилади. Ўзбек халқи “Меҳмонхонанг тор бўлса ҳам меҳру дилинг кенг бўлсин”, дейишади. Кўриниб турибдики бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот бўлиб турибди. У ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланишни мақсад қилган. Самарқанд бугун ана шундай эзгулик йўлида бирлашган халқларнинг анжуманига мезбонлик қилмоқда. Юртбошимиз ушбу афсонавий шаҳарнинг мавқеи ҳақида ўз мақоласида шундай деган эди: “Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган”. 

Аллоҳ таоло Самарқандни бутун инсониятга манфаат келтиришга хизмат қиладиган эзгулик шаҳри бўлишини насиб қилсин. Меҳмонларнинг ташрифи сабабидан юртимиз ва халқимизга кўп яхшиликлар ато қилсин. Анжуман қарорларини ер юзининг барча халқларига манфатли қилсин!

Сарвар Бобоев – Самарқанд шаҳар “Қўшбаққоли” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 15/09/2022 14:23;   Кўрилганлиги: 305
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/samarqand-dunyo-xalqlarini-birlashtirgan-chorrahadir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:57
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг