Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Салафлар ва салафийлик ҳақида нималарни биламиз?

 
 

Охирги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали, қатор ижтимоий тармоқларда ва кўплаб интернет сайтларида ва баъзи аҳли илмлар орасида салафлар ва салафийлик ҳақида турли хил гап сўзлар тарқалмоқда. Хўш, салафлар ким ўзи? Салафийларчи? Салаф сўзи арабча сўз бўлиб луғатда аввалгилар, аждодлар ва аввал яшаб ўтганлар маъносини билдиради. Истилоҳда эса маълум бир даврга ва маълум бир инсонларга айтилади.  Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳис салом  «Замонни яхшиси менинг замонимдир, сўнг уларга яқин бўлганларнинг замони, сўнг уларга яқин бўлганларнинг замонидир» дедилар.  Ушбу ҳадисни далил қилиб аҳли сунна уламолари ушбу уч даврни саодат асри дедилар. Саодат асрида яшаган мусулмонлар салафи солиҳинлардир дедилар. Ушбу уч даврда яшаган зотлар, шундай инсонлар эдики, уларнинг барчалари динда йўлчи юлдузлар каби эдилар.  Мажмаъ ул-Мақсуд китобида айтилишича, Росулимиз соллаллоҳи алайҳи васаллам « Менинг асҳобларим йўл кўрсатгувчи юлдузлар кабидир,  қайси бирларига эргашсангиз тўғри йўл топасиз» дедилар. Улар барчалари инсонларга нисбатан адолатли, махлуқотларга эса меҳрибон, фақирларга  нисбатан хайри саховатли,  ожизларга нисбатан мурувватли, ёши катталарга ҳурматли, кичикларга шафқатли эдилар. У зотлар ҳеч кимга ва ҳеч нарсага қўллари билан ёки тиллари билан озор бермас эдилар.  Ҳеч кимни токи куфри ва нифоқи аниқ бўлмагунча куфрда ёки нифоқда айбламас эдилар. Ва яна бир қанча фазоиллари бор эдики, уларни тил билан айтиб қалам билан ёзиб тугатиб бўлмас. Шунинг учун ҳам у зотларни салафи солиҳинлар дедилар.

Аммо охирги вақтларда салафлар номи билан салафийликни даъво қилувчи «сохта салафийлар»  пайдо бўлиб, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда Ваҳҳобийлар каби оқимлар ўзларини бўлмағур пуч ғоялари билан, ёшларимизни ўзларининг бузуқ ақидаларига жалб қилмоқдалар.  Улар келтирган оят ва ҳадислар бир қараганда тўғридай кўринсада, аммо асли улар таъвил қилган маънони бермайди.  Масалан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда «Сўзларни энг яхшиси Аллоҳни китоби, йўлларни яхшиси Муҳаммад алайҳис саломни йўли ва ишларни энг ёмони,  янги пайдо бўлганидир,  ҳар бир бидъат залолатдир»  дейилган.  Ушбу ҳадисда ислом гуёки янгиликка қаршидек, аслида эса ундай эмас.  Аҳли сунна уламолари бидъатни бир неча турга булганлар,  шундан бидъат ҳасана (яхши бидъат ) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат). Бунга далил қилиб Пайғабаримиз алайҳис саломнинг  «Ким исломда бир яхши ишни бошлаб берса, унга уша ишга амал қилганларни савобидан камаймасдан етиб туради, ким исломда бир ёмон ишни бошлаб берса унга амал қилганларни гуноҳидан камаймасдан етиб туради.» дейилган ҳадисини келтирадилар. Бунга мисол қилиб ҳазрати Умар розиёллоҳу анҳу таровеҳ номозини жам қилиб ўқиш ёки  Абубакр сиддиқни Қуръони каримни  жам қилиши ёки ҳазрати Усмон розиёллоҳу анҳуни жумъа кунидаги иккинчи азонни қўшишини далил қиладилар. Сохта салафийлар эса мавлуди шарифни инкор қиладилар,  ваҳоланки мавлуди шарифда соловотлар жўр бўлиб айтилади,  ўқигувчини ҳам эшитгувчини ҳам ихлоси  этиқоди мукаммаллашади

Буни эса динга ёки диндорга ҳеч қандай зарари йўқдир иншааллоҳ. валлоҳи аълам.

 Йулдошев Баҳриддин - Пастдарғом туман "Эшонхужа" жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 24/08/2020 12:25;   Кўрилганлиги: 1536
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/salaflar-va-salafiylik-haqida-nimalarni-bilamiz
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 05:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг