Саҳобия аёллар ҳаёти қомуси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга замондош бўлган, у зотни кўрган ёки суҳбатдош бўлган ва ҳамроҳлик қилиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар қаторида, қанчалаб саҳобия аёллар бўлгани, маълум ва машҳур.
Ислом тарихчи олимлари, бу борада кўплаб маълумотлар тўплашган. Ҳаттоки уларнинг ададларини ҳисоблаб, манбааларда зикр этишган. Аммо саҳобия аёлларнинг ҳаётлари акс этган қомусий асарлар ёзилмаган. Бу йўналишдаги китоб зарур эканини идрок этган ва 1526 нафар саҳобия аёлар ҳақда маълумот тўплаб, асар ёзган араб олими Муҳаммад Саъид Мубаййиз, айни шу ишга қўл урганлари сабабини қуйидагича изоҳлаганлар:
"Улуғ зотлардан бири ҳали ҳеч ким қўл урмаган бу фойдали мавзуда китоб таълиф қилишимни маслаҳат берди. Бу иш қанчалик куч, сабр ва машаққат талаб қилмасин, Аллоҳ унга қалбимни очди. Бу мавзуда ёзилган энг қадимги манба, Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳнинг “Табоқот ул-Кубро” китоби. Бунда бирон воқеа ёки сифат борасида бир ёки иккита ҳадис билан кифояландим.
Ривоятлар кўпайгач, унга ўз сўзим билан ундан фалон ва фалон ривоят қилган ёки шунга ўхшашини бизга фалон ва фалон хабар берган деб ишора қилиб ўтдим. Чунки бир мавзу билан боғлиқ воқеа ҳодисаларни такрор-такрор келтиришни оқлаб бўлмайди. Бу фақатгина муҳтарам китобхоннинг зерикишига сабаб бўлади, холос.
- Мазкур китобни жамлашда қуйидаги асосларга мувофиқ энг машҳур қадимги манбаларга мурожаат қилдим: “Исоба”, “Истийоб”нинг ҳошияси, “Усудул ғоба” ва “Сифа тус софва” ва шунга ўхшаш мўътабар манбаларда келган таълиқлар, тасвийботлар ва изоҳларни келтириш билан бу ишимни бойитдим ва “Табоқот”да келган маълумотларни олмадим. Чунки кўплар ундан иқтибос ва кўчирмалар олишган.
- Ўзимиз хоҳлаган саҳобия аёлларни топиб олиш осон бўлиши учун уларнинг исмларини алифбо тартибида кетма-кет келтирдим. Ишончлилигини ошириш учун маржеънинг исмини ва манбадан олинган саҳифанинг рақамини ҳошияда кўрсатдим.
- Биз истаган исмни чиқариб олиш осон бўлиши учун саҳобия аёлларнинг исмларини тартиблашда ҳижоий кетма-кетликка суяндим.
- Натижада бу меҳнат саҳобия аёллар ҳаётини қийналмасдан, тез ва осон ўрганиш имконини беради. Бу эса муҳтарам тадқиқотчини саҳобия аёллар ҳаётини ўрганишдаги тарихий манбаларга сарфлайдиган вақтини ўз-ўзидан тежаб қолади". Аллоҳ бу зотдан рози бўлсин!..
Энди, бу китобни ўз тилимизга таржима қилиб, билим бисотингизни бойитишни истаган юртимизнинг олд уламоларидан Зайниддин домла Эшонқуловдан Аллоҳ рози бўлиб, савоблик ишларида Ўзи кўмак ва муваффақият берсин. Иншааллоҳ, яқин кунларда мазкур асарнинг биринчи қисмидан баҳраманд бўласизлар, деган умиддамиз. Унгача, китобдаги саҳобия аёлларнинг баъзилари тўғрисида маълумот бериб турамиз.
Таржимон Зайниддин домла Эшонқулов
Киритилган вақти: 12/09/2023 14:59; Кўрилганлиги: 749
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:25